Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. Бу президентнинг 24 майдаги қарорида назарда тутилган.

Қўмита Кончилик саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Кон-геологик ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси негизида тузилади.

Инспекциянинг ўзи кончилик саноати ва геология назорати инспекцияси этиб қайта ташкил этилмоқда.

Инспекция функциялариИнспекция функциялари

Қўмита ядро энергияси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Қўмита таркибига 110 кишидан иборат штат, шунингдек, ёқилғи қуйиш шохобчалари, газ қуйиш шохобчалари, нефть ва газни бирламчи қайта ишлаш, магистраль қувурлар ва газ иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, донни сақлашда саноат хавфсизлиги назорат қилиш, истироҳат боғлари фаолиятини назорат қилиш ва бошқа функциялари берилган.

ядро хавфсизлиги қўмитаси

Қўмита таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда давлат бюджетидан молиялаштириладиган Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ташкил этилмоқда.

Қўмита таркибида давлат органи шаклидаги Радиация ва ядро хавфсизлиги бўйича илмий-техника маркази ҳам бўлади.

Қўмита мансабдор шахслари давлат назоратини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • қўмитанинг назорати остидаги объектларга тўсқинликсиз кириш;
  • хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талабларига риоя этмаган ҳолда олиб борилаётган ёки бахтсиз ҳодиса ва авария содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек, одамлар ҳаёти хавф остида қолганда уларни иш жойларидан олиб чиқиш;
  • ўз ваколатлари доирасида қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.

Қўмитанинг республика ҳудудларида қурилаётган ва фойдаланилаётган атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ҳолатининг доимий назоратини таъминловчи ходимларининг жойлашуви бевосита мазкур объектларда амалга оширилади.

Қўмита ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, бюджетдан ташқари саноат хавфсизлиги соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишдан қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда қўмитага тушадиган, қўмита томонидан хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахслардан саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда ундириладиган жарималар суммасининг 40 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Қўмитага Энергетика вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Атом энергияси агентлиги билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар республикада атом энергетикасининг ривожланиш даражаси ва халқаро нормалардан келиб чиқиб, департаментнинг штат бирликлари сонини ошириш тўғрисидаги асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

2024 йил 1 декабрга қадар халқаро молия институтлари ва консалтинг компанияларини тўғридан-тўғри жалб қилган ҳолда Қўмита фаолиятини ривожланган давлатларнинг саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, лифтлар ва истироҳат боғлари аттракционлари хавфсизлигини назорат қилиш соҳасидаги илғор тажрибаси асосида такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш топширилди.

Аввалроқ Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги негизида Атом энергияси агентлиги ташкил этилилаётгани, у Энергетика вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтиши ҳақида хабар берилганди. Агентлик компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, хўжалик жамиятлари ташкил этиш, иқтисодиётдаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳуқуқини олади.