Шавкат Мирзиёев 24 май куни ер қаъридан фойдаланиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда
атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат бошқаруви ҳамда назорати тизимини такомиллаштириш бўйича фармон имзолади.

Ҳужжатга кўра, Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги негизида Энергетика вазирлиги тузилмасидан Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтаётган Атом энергияси агентлиги ташкил этилмоқда.

атом энергияси агентлиги, ўзатом, ядро энергетикаси, ядро энергетикасини ривожлантириш агентлиги

Агентлик атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Президент қарори билан агентлик ва унинг тузилмасидаги ташкилотларга лойиҳалар концепцияси, параметрлари ва шартларини ишлаб чиқишда зарур хизматлар, жумладан, маркетинг, муҳандислик ва бошқа хизматлар кўрсатишга ихтисослашган компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.

Шунингдек, улар хўжалик жамиятларини ташкил этиши (устав капиталида иштирок этиши) ва ушбу компаниялар билан бевосита шартномалар тузиши, иқтисодиёт тармоқларидаги лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиши мумкин бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори мақоми вазирнинг биринчи ўринбосарига (ундан олдин — вазирга) тенглаштирилади.

Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармасига айлантирилмоқда. 2018 йилдан бошлаб жамғарма кутилаётган харажатларидан келиб чиқиб Навоий кон-металлургия комбинатининг табиий уран экспортига сотишдан тушган маблағларнинг 10 фоизигача ажратмалар олган. Ушбу амалиёт 2021 йил охирида бекор қилинган, аммо энди жамғарма яна «Навоийуран»нинг йиллик фойдаси бўйича ҳисобланган дивидендларнинг 5 фоизини олади.

Эндиликда жамғарма халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларининг грантлари, имтиёзли кредитлари ва бошқа мақсадли маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадларни ҳам олиши мумкин бўлади.

Жамғарма маблағлари агентликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг иш ҳақи, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хорижий хизмат сафарлари харажатларини қоплаш ва бошқа мақсадларга сарфланади.

Агентлик директорига атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илм-фан ва таълим муассасалари, шунингдек, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги етакчи халқаро ва чет эл компаниялари мутахассисларини тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан жалб этиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, юқори малакали хорижлик мутахассисларни ишга ёллаш, шунингдек, уларнинг иш ҳақини агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан миллий ёки чет эл валютасида (хориждаги ҳисоб рақамларига ўтказган ҳолда) тўлаш имконияти яратилади.

Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимларининг лавозим маошини белгилашда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ тариф козффициенти 1,8 бараварга оширилган ҳолда қўлланади.