Ўзбекистонда 2024−2025 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади. Бу президентнинг «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжата кўра, параметрларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустасно.

Шунингдек, давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади.

Давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади. Бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан ошмаган ҳажмда молиялаштирилади.

Давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади.

Олий таълим ташкилотлари моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотига мувофиқ, кейинги ўқув йили учун ўз қабул параметрларини шакллантиради ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.

Вазирлик олий таълим ташкилотлари қабул параметрлари асослилигини ўрганади ҳамда уларни таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади.

Комиссия олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва тиллар кесимида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий қабул параметрларини, имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини, мақсадли қабул квоталарини ҳамда магистратура мутахассисликлари қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқлаб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдаги президент қарорига мувофиқ, 2019−2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул олий маълумотли ходимларга талаб юқори бўлган соҳалар ва иқтисодиёт жабҳалари учун давлат буюртмаси асосида амалга оширилиши ҳақида ёзгандик.

2022 йилда эса ОТМларга қабул квоталарини белгилашга оид президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Унда давлат буюртмаси сонини камайтириш таклиф этилган.