Ижтимоий тармоқларда «Хоразмда мактаб ўқитувчиси 2 нафар ўқувчини дарс хонасида калтаклади» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганини маълум қилди.

Ўрганиш давомида воқеа 2024 йилнинг 23 май куни Тупроққалъа туманидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида 6-синф ўқувчиларига география фани дарс машғулоти ўтказилаётган пайтда содир бўлгани аниқланди.

Ўқитувчи мазкур синфнинг 2 нафар ўқувчисига ўзаро гаплашиб ўтиргани учун танбеҳ бериб, уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган. Шу воқеадан кейин ўқитувчи ўз хоҳишига кўра ариза ёзган ва ишдан бўшатилган.