23 майга ўтар кечаси Россиянинг Москва вилоятида содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, ҳолат Истра шаҳри Падиково қишлоғида жойлашган ётоқхонада юз берган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлими маълумотларига кўра, ёниб кетган уйда 20 га яқин хорижлик яшаган, улардан 11 нафари Ўзбекистон фуқаролари саналади.

Ёнғин оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, ҳозирда уларнинг шахси аниқланмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Ёғин оқибатида вафот этганларнинг шахсини аниқлаш учун Истра шаҳри суд-тиббиёт экспертизаси бюроси томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Иш бўйича тергов органи томонидан Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Вазият элчихонанинг консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси назоратида остида экани маълум қилинди.