Марказий банк 2024 йилнинг биринчи ярмида молия тизимида юзага келиши мумкин бўлган тизимли рискларни аниқлаш мақсадида 35 та тижорат банки ўртасида сўровнома ўтказди.

Респондентлар молиявий тизимга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бешта асосий тизимли хавфни санади:

  • валюта курсининг кескин ўзгарувчанлиги — 77 фоиз;
  • инфляция суръатининг тезлашиши — 51 фоиз;
  • ташқи геосиёсий хатарларнинг янада кучайиши — 49 фоиз;
  • аҳоли қарз юкининг ошиши — 46 фоиз;
  • киберҳужумлар билан боғлиқ хавфлар — 46 фоиз.

Респондентлар, шунингдек, қуйидаги масалалар бўйича ҳам хавотир билдирди:

  • иқлим ўзгариши хавфлари;
  • иқтисодий пасайиш;
  • ликвидлилик билан боғлиқ муаммолар;
  • санкциялар хавфи;
  • кўчмас мулк нархларининг кескин пасайиши;
  • активларнинг концентрацияси;
  • йирик қарз олувчиларнинг дефолти ва бошқалар.

Регулятор, шунингдек, тизимли хавфларнинг юзага келиш эҳтимолини баҳолаш учун сўров ўтказди. Респондентларнинг 66 фоизи молиявий тизимда қисқа муддатда (0−12 ой) тизимли рисклар юзага келиши эҳтимолдан йироқ, деб ҳисоблашини айтди.

Тахминан 10 фоизи бу эҳтимолни жуда юқори деб баҳолайди. Респондентларнинг 54 фоизи ўрта муддатда (1−3 йил) бунинг содир бўлиш эҳтимолий даражасини ўртача деб баҳолайди.

валюта курси, марказий банк

Респондентларнинг қарийб 57 фоизи кейинги 1−3 йил ичида (48 фоизи — қисқа муддатда) хавфлар юзага келиши эҳтимоли олдинги даврга нисбатан ўзгармаган деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 38 фоизи ортган деб ҳисоблайди (0−12 ой).

Респондентларнинг 74 фоизи молиявий тизимнинг кейинги уч йил ичида барқарорлигига етарлича ишонади, 23 фоизи қисман ишонади.

23 апрель куни Марказий банк томонидан белгиланган АҚШ долларининг курси 12 700 сўмдан ошганди. Йил бошидан буён миллий валюта 3 фоизга қадрсизланди. 27 май ҳолатига кўра, курс 12704,67 сўм этиб белгиланди.

Аввалроқ иқтисодчи Миркомил Холбоев Ўзбекистон миллий валютасининг нисбатан тез қадрсизланиши сабабларини таҳлил қилиб, ўтган йилнинг август ойида бўлгани каби бу «реал курснинг тўғриланиши»ми ёки йўқлиги ҳақида сўз юритган эди.