Шавкат Мирзиёев 23 май куни фармацевтика тармоғида эришилаётган натижалар ва истиқболли режаларга оид тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Унда айтилишича, фармацевтика соҳасидаги янги лойиҳалар учун 100 миллион доллар арзон ресурс ажратилиб, Асака банк томонидан 200 миллион доллар жалб қилинган.

Бунинг натижасида ўтган 4 ойда 30,5 миллион долларлик иккита лойиҳа ишга туширилиб, 160 та иш ўрни яратилган. 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 51 миллион долларлик экспорт қилинган.

Лекин бу натижалар ҳали етарли эмас. Имкониятлар ҳам, режалар ҳам улкан, дея таъкидлади президент тақдимотда.

Хусусан, бу йил 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 2 миллиард долларлик 147 та лойиҳа бошланиб, шундан 28 таси жорий йилда ишга туширилиши белгиланган. 450 турдаги янги маҳсулотни маҳаллийлаштириш мўлжалланган.

Давлат раҳбари бу имкониятлардан фойдаланиб, маҳаллий маҳсулотлар билан ички бозор талабини қондириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади. У соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга ўтказиш, нарх ва сифат мутаносиблигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда соҳада рақамлаштиришни бу йил 65 фоизга етказилиб, кейинги йил тўлиқ якунланади, дейилади хабарда. Таъкидланишича, бу орқали нархни камида 20 фоизга арзонлаштириш мумкин.

Tashkent Pharma Park инновацион фармацевтика кластери фаолиятини жадаллаштириб, 470 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш чоралари кўриб чиқилди.

Фармацевтика соҳасига инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам ахборот берилди.

2021 йилда онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди. Лекин бюджетдан етарли маблағ ажратилган бўлса-да, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида тўлиқ етказиб берилмаган. Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур бўлган.

Президент февраль ойидаги йиғилишда онкологик беморларга дорилар етиб бормаслигига сабаб бўлаётган шу каби «ўйинлар»ни танқид қилганди. «Мана — фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларга етгани, лекин бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40−45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмаслигини кўрсатиб ўтганди.