Қирғизистон-Ўзбекистон автомобиль йиғиш заводи 28 майдан синов режимида ишлашга тайёр бўлади. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангельдиев 24.kg ахборот агентлигига маълум қилди.

Корхона Чуй вилоятининг Сокулук туманида жойлашган. Заводда Chevrolet, Daewoo ва Isuzu автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи чоғида автомобиль ва тижорат техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланганди.

Март ойида эса Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Қирғизистоннинг «ДТ Течник» МЧЖ ҳамда «НУР» АЖ ўртасида автомобиль ва тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш (SDK) бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

«Завод қурилиши „ҳар икки давлат учун ҳам стратегик муҳим лойиҳадир“», — деди Акилбек Жапаров маросимда.

Дастлабки босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 минг дона автомобилни ташкил этади, шунингдек, мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилади, дейилади хабарда.