Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида 21 май куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида СамДУнинг 4-босқич талабаси ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га ҳолатни тасдиқлади.

Талабанинг вафоти ҳақида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши хабар берди. Марҳум ташкилотнинг педагогик таълим йўналиши координатори бўлган.

ЙҲХБнинг маълумот беришича, соат 23:30 атрофида Талабалар хиёбони кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган йигитни Nexia-2 машинаси уриб кетган. У шифохонада вафот этган.

Kun.uz ижтимоий тармоқдаги изоҳларга таяниб, талаба йигитни пойга уюштирган машиналардан бири уриб юборган бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади ЙҲХБ хабарда.