Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Улуғнор тумани суди Shaffof бренди остидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларини (АГТКШ) бошқарган ёки уларда ишлаган мансабдор шахслар ва ходимларга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

2023 йил март ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари «Shaffof савдо белгиси остида фаолият юритаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва тадбиркорлик субъектларида ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш» бўйича текширувларни бошлаганди. Хусусан, Shaffof савдо белгиси остидаги 73 тадбиркорлик субъектига қарашли 101 та газ тўлдириш шохобчаларида электр ва газ тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ўрганилган.

Иш материалларига кўра, Shaffof бренди остидаги компания таъсисчилари Улуғбек ва Ойбек Тошматовлар «бошқа шахслар билан тил бириктириб, биргаликда жиноий фаолиятни амалга ошириш мақсадида уюшган гуруҳ тузган».

Маълум қилинишича, улар 2018−2023 йилларда 56 та корхонада савдодан тушган 1 триллион 376 миллиард 560 миллион сўм миқдоридаги маблағларни ўта йирик қийматдаги савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузган ҳолда яширган. Шунингдек, судланувчилар 2018−2023 йиллар учун солиқ ҳисоботларини яшириш, 447,5 миллиард сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни қасддан тўламаганликда айбланмоқда.

Суд қарорида қайд этилишича, Улуғбек ва Ойбек Тошматовлар ўз даромадларининг келиб чиқишини қонунийлаштириш мақсадида 29 та иш бўйича жиноий фаолият натижасида олинган 206,5 миллиард сўм маблағни газ тўлдириш шохобчалари, автомашиналар, ер участкалари ва квартиралар сотиб олиш учун сарфлаган.

Қолаверса, ака-ука бошқалар билан тил бириктириб, ўзлари тузган Shaffof Sement Sanoat компаниясига Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидан (ҳозирги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги) оҳактош ва қумтош конларида геология-қидирув ишларини олиб бориш учун лицензия олган. Ушбу лицензиялар фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқини эмас, балки конларда геология-қидирув ишларини олиб бориш ҳуқуқини берган.

Маълум қилинишича, судланувчилар бундан хабардор бўлган, аммо шунга қарамай, Shaffof Sement Sanoat компанияси «Шаффоф» оҳактош конидан 21,731 куб метр, сланец конидан — 1,505 куб метр, «Шаффоф-2» қумтош конидан — 3,350 куб метр, «Қамишбоши» конидан — 4,741 куб метр фойдали қазилма қазиб олган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 15,6 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

Иш материалларида қайд этилишича, уюшган гуруҳнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаш жиноятлари натижасида Фарғона вилояти Солиқ бошқармасига 397,13 миллиард сўм, Наманган вилояти Солиқ бошқармасига — 8,14 миллиард сўм, Андижон вилояти Солиқ бошқармасига — 39,3 миллиард сўм, Тошкент вилояти Солиқ бошқармасига — 2,15 миллиард сўм ва Тошкент шаҳри Солиқ бошқармасига — 867 миллион сўмлик «зарар етказилган».

Суд Улуғбек ва Ойбек Тошматовларни Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми (Ўта йирик миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-модданинг 1-қисми (Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш), 229-моддаси (Ўзбошимчалик) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбдор деб топди ва 9 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Жиноят иши доирасида Олим Нурматов (5 йил), Рустамжон Абдуллаев (3 йил), Абдурашид Мамажонов (3 йил 6 ой), Жалолиддин Икромиддинов (5 йил), Анваржон Нишонов (4 йил 2 ой), Абдулазизжон Тожиев (5 йил), Ахаджон Тоштемиров (3 йил), Шерзоджон Умаров (3 йил), Фаррух Мамажонов (3 йил 6 ой), Омонжон Мирзаев (3 йил 6 ой) ҳам озодликдан маҳрум этилди.

Азимжон Турғунбоевга 5 йил озодликдан чеклаш, Элдор Қосимовга иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари, Аъзам Ризаевга 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми (Ўта йирик миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддаси 1-қисмида (Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Етказилган моддий зарарни қоплаш учун 80 га яқин метан газ тўлдириш шохобчалари ва нотурар жой бино ва иншоотлари, 120 га яқин юк ва енгил автомобиллар (Hyundai Porter, Damas, Labo, SAZ, Nexia, КаМАЗ, Weilton ва бошқалар) давлат фойдасига олиб қўйилди. Шунингдек, 4 та уй, 30 га яқин газ тўлдириш шохобчаси ва битта Cadillac Escalade-4 автомашинаси хатланиб, давлат ихтиёрига топширилди.

Shaffof метан газ тўлдириш шохобчаси логотипи асосий фаолият йўналиши сиқилган табиий газ учун чоксиз юқори босимли пўлат газ баллонлари ва газ баллон ускуналари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўлган Shaffof Metan Sanoat қўшма корхонаси логотипи билан мос келади. Қўшма корхонада цемент ишлаб чиқариш ҳам мавжуд (Shaffof sement sanoat).

Shaffof Metan Sanoat`нинг таъсисчилари — Ойбек Ровшанович Тошматов (35,6 фоиз), Silu Dunli Urumchi савдо компанияси (49,1 фоиз) ва Farg’ona Metan Gaz Servis (15,3 фоиз).

Ойбек Тошматов, шунингдек, Metan Trans Servis, Ivon Plast-Polimer Tehnologi ва бошқа қатор компанияларда улушдор ҳисобланади.