Ҳуқуқ-тартибот идоралари Shaffof савдо белгиси остида фаолият юритаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва тадбиркорлик субъектларида ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш мақсадида текширувлар ўтказмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.

Хусусан, бунда Shaffof савдо белгиси остидаги 73 тадбиркорлик субъектига қарашли 101 та автомобиль газ тўлдириш компрессор станциясида электр ва газ тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ўрганилмоқда.

Муассасанинг логотипи асосий фаолияти сиқилган табиий газ учун пўлат чоксиз юқори босимли газ баллонлари ва газ ускуналари учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўлган Shaffof Metan Sanoat қўшма корхонаси логотипи билан мос келади. Қўшма корхонада цемент ишлаб чиқариш (Шаффоф цемент саноат) ҳам мавжуд.

Shaffof Metan Sanoat МЧЖ таъсисчилари Ойбек Ровшанович Тошматов (35,6%), Silu Dunli Urumchi савдо компанияси (49,1%) ва Фарғона Farg‘ona Metan Gaz Servis (15,3%) ҳисобланади.

Ойбек Тошматов, шунингдек, бир қатор компаниялар, жумладан, Metan Trans Servis, Ivon Plast-Polimer Tehnologi ва бошқа компанияларда ҳам улушларга эга.