Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Нодирбек Сайфуллаев Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимига тайинланди, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Нодирбек Сайфуллаев 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йил Тошкент давлат маданият институтини, 2005 йилда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, санъатшунослик фанлари номзоди.

Меҳнат фаолияти давомида «Ўзбектеатр» бирлашмаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош директор ўринбосари вазифаларида ишлаган. Шунингдек, ўриндошлик асосида Ўзбекистон давлат санъат институтининг Санъатшунослик кафедрасида педагоглик фаолиятини олиб борган. У 2019 йилнинг февралидан 2022 йил январигача Миллий рассомлик ва дизайн институтига ректорлик қилган.

Нодирбек Сайфуллаев тайинловга қадар Президент администрацияси Маданият ва санъатни ривожлантириш шуъбаси мудири лавозимида фаолият юритаётган эди.