Наманганда ўзини ҳокимлик ишчисиман дея ободонлаштириш ходимларининг номига онлайн кредит расмийлаштирган шахс қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Киберхавфсизлик маркази.

Маълум қилинишича, Наманган вилоятида яшовчи аёллар Г. Х., Д.Ж., М.Т ҳамда К.М. ИИОга мурожаат қилиб, номаълум сабабларга кўра уларнинг номларига онлайн кредит расмийлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Наманган вилоятида яшовчи 22 ёшли Т.М. содир этгани аниқланди.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Т.М., жабрланувчилар Г. Х., Д.Ж., М.Т ҳамда К.М.лар Наманган шаҳар Чорсу меҳмонхонаси олдида ишлаб юришган вақтида Т.М. уларнинг олдига келиб, ўзини ҳокимлик ишчиси эканини ҳамда Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан моддий ёрдам олиб беришини айтиб, ободонлаштириш бошқармаси ишчиларини паспорт маълумотлари ва расмларини олиб, уларнинг номига жами 46 млн сўм миқдорида онлайн микроқарз расмийлаштиргани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан Т.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (Анча миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.