Вазирлар Маҳкамасининг 18 майдаги қарорига асосан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳузурида Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Ҳужжат билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг бюджетдан ташқари «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси тўхтатилмоқда, дея ёзмоқда Norma.uz.

Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасига Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Навбаҳор» санаторий дам олиш маскани ривожлантириш учун «Алоқа банк»дан олинган кредитининг қолган қисмини тўлаш мажбурияти билан биргаликда бепул берилади.

Маҳаллалар уюшмасига икки ой муддатда маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича аҳоли мурожаатлари учун call-марказ очиш топширилди. Уюшма ҳузурида «Маҳалла» медиа-маркази, «Маҳалла» пресс-клуби ҳамда уюшма тизимидаги ходимларининг малакасини ошириш ва маҳаллаларни методик таъминлаш ўқув-услубий марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

  • умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган тушумларнинг 10 фоизи;
  • тизим ташкилотларининг соф фойдасидан 10 фоизи;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ва бошқалар;

Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун ишлатилиши мумкин:

  • маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш;
  • «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш;
  • «Маҳалла еттилиги» аъзоларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда улар орасида ўз фаолияти намунали ташкил этганларни рағбатлантириш ва бошқалар.

Жамғарма маблағларини уюшма раҳбари (Қаҳрамон Қуронбоев) ўзи бошқаради ва тақсимлайди. Жамғарма маблағлари уюшма раиси томонидан тасдиқланган ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларидан сарфланади. Жорий йилда фойдаланилмаган жамғарма маблағлари давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва келгуси йилда фойдаланишга топширилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши, шунингдек, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимларига эга Маҳаллалар уюшмаси ташкил этилиши хабар қилинганди.