Европа парламенти (ЕП) 13 март куни сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишни тартибга солувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжатни 523 киши маъқуллади, 46 нафари қарши овоз берган бўлса, 49 нафари бетараф қолди, деб хабар бермоқда ЕП матбуот хизмати. Бу шундай миқёсдаги дунёдаги биринчи қонун ҳисобланади, деб таъкидлайди BBC.

Ташаббуснинг мақсади — «асосий ҳуқуқлар, демократия, қонун устуворлиги ва экологик барқарорликни юқори хавфли сунъий интеллектдан ҳимоя қилиш, шунингдек, инновацияларни рағбатлантириш ва Европани бу соҳада етакчи қилишдир», дейилади ЕП хабарида.

Янги қоидалар фуқароларнинг ҳуқуқларига таҳдид соладиган баъзи СИ иловаларини тақиқлайди. Хусусан, тақиқ маълумотлар базаларини яратиш учун интернетдаги юз тасвирлари ва видеокузатув камералари тасвирларидан фойдаланадиган биометрик идентификация тизимларини ўз ичига олади.

Ишхона ва мактаблардаги ҳис-туйғуни аниқлаш тизимлари, «ижтимоий рейтинг» тизимлари ва инсон хатти-ҳаракатларини бошқарадиган ёки одамларнинг заиф жойларидан фойдаланадиган СИ ҳам тақиқланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, агар йўқолганларни топиш ёки террорчилик ҳужумларининг олдини олиш учун сунъий интеллект технологияси зарур бўлмаса, биометрик идентификация тизимларидан фойдаланиш тақиқланади.

Умумий мақсадли СИ тизимлари шаффофлик талабларига жавоб бериши ва Европа Иттифоқининг муаллифлик ҳуқуқи қонунларига мос келиши керак. Бундан ташқари, бундай тизимлар томонидан яратилган сунъий ёки манипуляция қилинган тасвирлар, аудио ёки видео контент аниқ белгиланиши керак.

Энди бу акт Европа Кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим. Қонун май ойининг охирида кучга кириши кутилмоқда, икки йилдан сўнг эса тўлиқ қўллана бошлайди.