«Салимбой» номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиев 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри судлари матбуот хизмати хабар берди.

19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида Абдувалиевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ҳукмга мувофиқ, Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилди.

Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

74 ёшли тадбиркор 2017 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди. Абдувалиев спорт фаолиятига қўшган ҳиссаси учун 2015 йилда «Дўстлик» ордени, 2021 йилда эса «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 2023 йил декбарь ойи бошида Салим Абдувалиевни қўлга олган. Шундан сўнг Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари Абдувалиевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танлаган.