27 март куни Тошкент вилояти Бекобод туманида ўзини 5-қаватдан ташлаб вафот этган аёл юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.

4 апрель куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, жиноят иши доирасида марҳума аёлнинг турмуш ўртоғи процессуал тартибда ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, туманнинг Далварзин маҳалласида яшаган 28 ёшли Н.Х. эри билан навбатдаги жанжал вақтида ўзини кўп қаватли уйдан ташлаб, жонига суиқасд қилган. Қўшнилар у пастга тушиб кетиши олдидан «яшашни истамайман, калтакларингдан тўйиб кетдим», дея бақирганини эшитган.

Аёлга уч марта, сўнгги бор 6 март куни ҳимоя ордери берилган. Унда келтирилишича, тазйиқ ўтказилган ёки зўравонлик содир этилган тақдирда эр ва аёлнинг бир хонадонда бўлиши тақиқланган.