3 ноябрь кунидан бошлаб Тошкентдаги 11 та туман Давлат хизматлари марказларида синов тариқасида surdo-online планшетлари ишга туширилди, дея хабар берди Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати.

Натижада гапириш ва эшитиш билан боғлиқ имконияти чекланган шахслар сурдо таржимонсиз исталган давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

ДХМларнинг кириш қисмлари, фуқароларни қабул қилиш бурчакларида ҳамда surdo-online планшетлари жойлашган операторларнинг иш столига махсус белгилар жойлашган. Ушбу белгилар, ўз навбатида, ДХМларга ташриф буюрган имконияти чекланган шахсларга тўғридан-тўғри surdo-online планшети жойлашган операторга йўналтиради.

Surdo-online планшетлари интернетга уланган бўлиб, бевосита онлайн тарзда доимий равишда ишлайди ва шу вақтнинг ўзида операторга таржима қилади.

Ушбу тизимни ДХМларда жорий қилиш орқали Тошкентда 3 мингдан ортиқ эшитиши ва гапиришида нуқсони бор шахслар билан тўлақонли мулоқотни таъминлайди, дейилади хабарда.

Келгусида ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларида жойлашган ДХМ ҳамда ФҲДЁ органларида кенг жорий қилиш назарда тутилган.