Минглаб одамлар Тбилисида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши намойишга чиқди, бу уларнинг фикрича, Россиянинг хорижий агентлар ҳақидаги қонунига ўхшайди, деб ёзмоқда BBC.

15 апрель куни эрталаб намойишчилар маҳаллий парламент биноси яқинидаги Руставели хиёбонини тўсиб қўйишди. Улар «Россия қонунларига йўқ» деб бақиришди ва кўпчилик Европа Иттифоқи ҳамда Грузия байроқларини кўтарди. Reuters маълумотларига кўра, намойишларда 5000 дан ортиқ одам қатнашди.

Paper Kartuli нашрининг қайд этишича, тушдан кейин намойишчилар полиция отрядини ёриб ўтишга уриниб, улар билан тўқнаш келди. Грузия Ички ишлар вазирлиги 14 киши маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олингани ҳақида хабар берди. Идора, шунингдек, бир полициячи яраланганини ва тиббий ёрдамга муҳтожлигини даъво қилмоқда.

Намойишчиларни Грузия президенти Саломе Зурабишвили қўллаб-қувватлади. «Тбилисида фуқаролик жамиятининг „Россия қонунчилигига“ қарши намойиши. Сув тўплари ва газ қуроллари бўлган „махсус кучлар“ ўзларининг Европа келажагини ҳимоя қилаётган тинч аҳолига қарши чора кўришга тайёр. Ҳибсга олишлар давом этмоқда. Грузия қайта советлаштиришни қабул қилмайди!» — деб ёзди у Х.

Paper Kartuli нашрига кўра, 16 апрель куни эрталаб Тбилисидаги парламент биноси яқинида намойишчилар яна йиғилган.

Қонун лойиҳаси ҳақида нималар маълум?

Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси қонун лойиҳасини парламент муҳокамасига тақдим этди. Бу ҳужжатни тасдиқлаш учун қилинган иккинчи уринишдир. Ўтган йили жамоатчилик танқиди ва кўплаб норозиликлардан сўнг ҳукумат уни қайтариб олишга мажбур бўлганди.

Апрель ойи бошида эса «Грузия орзуси» қонун лойиҳасини қайтадан киритиш нияти борлигини маълум қилди. Унинг мазмуни аввалги версия билан бир хил, деб қайд этди Mtavari. Ҳужжат 20 фоиздан кўпроқ маблағни хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини «хорижий давлат манфаатларига хизмат қилувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди.

Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзенинг айтишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси грант олувчиларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш учун зарур.

Бироқ мухолифат партиялари ва мустақил журналистлар бу ҳужжат Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини издан чиқаришга уриниш эканини айтди, деб ёзмоқда BBC.

Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Германия Грузияни қонун лойиҳасини қабул қилмасликка чақирди. Декабрь ойида Грузияга номзод мақомини берган Европа Иттифоқи бу ҳужжат блокнинг қадриятларига «мос келмаслигини» билдирди.

Норозиликларга қарамай, Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Биринчи эшитув 16 апрелга белгиланган.