Иқлим ўзгаришига мослашиш ва Ўзбекистоннинг кўп энергия сарфловчи иқтисодиётини карбонсизлантириш бўйича чора-тадбирлар мамлакатга тараққиёт мақсадларига эришиш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга ёрдам беради, дейилади Жаҳон банки гуруҳи томонидан эълон қилинган «Мамлакатдаги иқлим ўзгариши ва тараққиёт бўйича ҳисобот»да (CCDR).

Ҳисоботда қайд этилишича, ўз вақтида дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик фожиа Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун турли қийинчиликларни келтириб чиқарди. Сув танқислиги, қурғоқчилик, экстремал жазирама, тартибсиз ёғингарчилик, чанг бўронлари ва иқлим ўзгаришининг бошқа оқибатлари одамлар ва иқтисодиётга тобора кўпроқ зарар келтирмоқда, бу эса табиий ресурсларнинг таназзулга учраши билан боғлиқ шундоқ ҳам юқори бўлган хатарларни янада кучайтирмоқда.

Иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигига турлича таъсир кўрсатади. 2030 йилга келиб, мамлакат бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда камида 8 миллион киши иқлим ўзгариши хавфи жуда юқори бўлган ҳудудларда истиқомат қилиши кутилмоқда. CCDR ҳисоб-китобларига кўра, агар иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари кўрилмаса, 2050 йилга бориб миллий иқтисодиёт ҳажми иқлим ўзгаришидан зарар кўрмаган ҳолатдаги кўрсаткичдан 10 фоизга кичикроқ бўлади. Бу аҳоли бандлиги ва уй хўжаликлари даромадининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади.

2060 йилга бориб иқтисодиётни карбонсизлантириш (карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш) режалари Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқиндиларининг қарийб 75 фоизини ташкил этувчи энергетика соҳасига алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади. Энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига камайиб бораётган табиий газ захираларига боғлиқликни камайтириш мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қазиб олинадиган ёқилғи турларига қарамлик ҳам мамлакатда эрта ўлим ва касалликларга ҳисса қўшадиган 10 та асосий омиллар рўйхатига кирувчи ҳаво ифлосланишига ҳисса қўшади.

«Иқлим ўзгариши оқибатларига жавобан зарур чоралар кўрилмаса, Ўзбекистон ўзининг улкан тараққиёт мақсадларига эриша олмайди ҳамда иқтисодиёт ва халқ фаровонлиги учун жиддий салбий оқибатларга дуч келади. Иқлим ўзгариши ва тараққиёт бўйича ҳисобот» иқлим ўзгаришига мослашиш ва карбонсизлаштириш бўйича бир қатор шошилинч чораларни таклиф қилади. Уларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштиради ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодий ўсишни таъминлайди", — дея таъкидлайди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова.

CCDR ҳисоботида қайд этилишича, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича самарали чора-тадбирлар Ўзбекистонга уч томонлама фойда олиб келиши мумкин. Биринчидан, улар иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган ер деградацияси каби салбий оқибатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Иккинчидан, амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида озиқ-овқат хавфсизлиги оширилиши ва табиий ландшафтлар ҳолатининг яхшиланиши каби иқтисодий самаралар беради. Учинчидан, уларни амалга ошириш иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш каби ижобий экологик оқибатларга олиб келади.

Ҳисоботнинг асосий тавсиялари қуйидагилардан иборат:

  • Бутун иқтисодиёт миқёсидаги ислоҳотлар: Қулай бизнес ва инвестиция муҳити, шунингдек, «яшил» иқтисодиётга ўтишда асосий роль ўйнайдиган хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида жорий ислоҳотлар дастурини жадаллаштириш керак. Иқлим ва «яшил» лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам берадиган мониторинг, ҳисобот олиб бориш ва таъсирни баҳолаш механизмларини яратиш тавсия этилади. Молиявий ва инвестиция соҳаларидаги тартибга солишнинг ривожланиши экологик лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш ва иқлим хавфларини бошқариш учун ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, углерод солиғини ўз ичига олган атмосферага чиқиндиларни камайтириш учун бозорга асосланган имтиёзларни жорий қилиш тавсия этилади.
  • Энергетика сектори: Ўзбекистонда «яшил» ўсиш моделига ўтиш ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этишни, газ, электр ва иссиқлик таъминоти учун субсидияларни олиб ташлашни ҳамда газдан асосан энергия ишлаб чиқариш ва саноат сектори учун фойдаланишни талаб қилади. Қайта тикланадиган энергия манбаларининг рақобатбардош секторини ривожлантиришни давом эттириш ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга сармоя киритиш зарур.
  • Сув ресурслари ва ирригация тизимларини бошқариш: Иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш учун Ўзбекистонда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш чораларини кўриш; иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни рағбатлантирадиган қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга ошириш (масалан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш); ирригация тизимларини бошқаришни хусусий секторга ўтказиш; сув тақсимотининг мослашувчан механизмларини жорий этиш; ирригация ва дренаж инфратузилмасини, шунингдек, сув сарфини ҳисоблаш тизимларини модернизация қилишни давом эттириш тавсия этилади.
  • Қишлоқ хўжалиги ва ер бошқаруви: иқлимга мос қишлоқ хўжалигига инвестицияларни жалб қилиш учун ер ижарачилари, жумладан, маҳаллий фермерлар ҳуқуқларини кафолатловчи механизмларни кучайтириш; тупроқни сақлаш амалиётини такомиллаштириш; иқлимга мос қишлоқ хўжалиги миқёсини кенгайтириш; ҳамда юқоридаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун инвестиция режаси билан тасдиқланган аниқ «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш муҳим.
  • Ҳаво сифатини яхшилаш, шаҳарлар ривожланиши ва жамоат транспорти: Ўзбекистон ҳаво сифатини яхшилаш бўйича комплекс дастур, «яшил» шаҳар бош режалари ва шаҳар ҳаракатланиш режаларини ишлаб чиқиш ҳамда жамоат транспорти хизматларини кўрсатиш самарадорлигини оширишдан сезиларли фойда кўради. Ушбу чора-тадбирлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ёрдам беради ва шаҳарларнинг иқлим ўзгариши оқибатларига мослашишига ёрдам беради.
  • Инсон капиталини ривожлантириш: Ўзбекистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга дуч келувчи энг заиф аҳоли қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун миллий ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришни давом эттириши керак. Таълим ва қайта тайёрлаш тизимлари орқали фуқароларнинг бошланғич ва техник кўникмаларини ошириш уларни «яшил» иқтисодиёт шароитида яратиладиган янги меҳнат йўналишларида ишлашга тайёрлайди.

Иқтисодиётни карбонсизлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун катта инвестициялар зарур. CCDR ҳисоб-китобларига кўра, иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги меҳнат унумдорлиги, йўллар ва кўприклар, чорвачилик ва ирригация секторига таъсирини юмшатиш учун тахминан 60 миллиард доллар керак бўлади. Бундан ташқари, 2060 йилга келиб эскирган энергетика инфратузилмасини алмаштириш ва энергетика секторини карбонсизлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун тахминан 340 миллиард доллар сармоя киритиш керак бўлади. Ушбу инвестицияларнинг катта қисми хусусий сектор томонидан амалга оширилиши мумкин.

«Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши соҳаси ва карбонсизлаштириш бўйича мақсадларига эришиш ва мажбуриятларини бажариш учун „яшил“ технологияларга йирик хусусий сармоялар йўналтирилиши керак. Бу атмосферага углерод чиқиндиларини камайтиради ва иқлим ўзгариши оқибатлари шароитида иқтисодий барқарорликни оширади», — дейди Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) Туркия ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Вибке Шлёмер. «Бунинг учун иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш зарур. Улар маҳаллий ва хорижий фирма ва компанияларга яшил иқтисодиётга ўтиш йўл очиб берадиган имкониятлардан фойдаланиш имконини беради».

Иқлим ўзгаришига мослашиш ва карбонсизлаштириш соҳаларига давлат ва хусусий инвестицияларнинг йўналтирилиши мамлакатга кўп фойда ва юқори даромад келтириши кутилмоқда. Масалан, ландшафтни бошқаришга комплекс ёндашув ва қишлоқ хўжалигида иқлимга мос технологияларнинг жорий этилиши 10 йил ичида қишлоқ хўжалиги экинларини ишлаб чиқаришни 4,6 миллиард долларга ошириш, шунингдек, ҳар йили 1,8 миллиард м3 дан ортиқ сувни тежаш имконини беради.

Иқтисодиётни карбонсизлантириш ҳам катта фойда келтиради. CCDR ҳисоб-китобларига кўра, 2023−2060 йиллар мобайнида фақат инфратузилма тармоқларида бундан кўриладиган фойда қиймати 178 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этади, жумладан, атроф-муҳит ифлосланиши, уй-жой сектори, электр энергияси, саноат ва транспорт соҳаларидаги аварияларсиз 122 миллиард долларлик зарарларнинг олди олинса, қазиб олинадиган ёқилғи импортидан 66 млрд доллар тежаб қолинади.

Бундан ташқари, карбонсизлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳаво ифлосланишидан келиб чиқадиган касалликлар туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатларини деярли 90 фоизга камайтириши, шунингдек, энергетика ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида сезиларли миқдорда иш ўринларини яратиши мумкин.