20 мартдан бошлаб тадбиркорлар Ўзбекистонга лифт олиб киришда муаммоларга дуч кела бошлади. Уларнинг товарлари божхона чегарасидан ўтказилмаяпти. Тадбиркорлар бунга аввалроқ берилган мувофиқлик сертификатларининг қайтариб олингани сабаб бўлаётганини таъкидламоқда, деб ёзди Kun.uz.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги сайтидаги маълумотларга кўра, 2024 йил 20 мартдан кейин Ўзбекистонга 17 та лифт етказиб берувчи корхонанинг мувофиқлик сертификатлари вақтинчалик тўхтатилган. Улар орасида Финляндиянинг KONE, Швейцариянинг Schindler, Япониянинг Sharp, Британиянинг P&P ва бошқа лифтларни мамлакатга олиб кирувчилар бор.

Нашр билан боғланган тадбиркорларнинг айтишича, бу ҳолат барча импортёрларда кузатилмоқда.

Хитойнинг Fuji бренди остидаги лифтларнинг Ўзбекистондаги расмий дилери Lifton компанияси директори ўринбосари Олимжон Алимовнинг маълум қилишича, 2023 йил август ойида масъул идоралар ўз лифтларини мамлакатга етказиб берувчи Хитой компанияларига уч йиллик мувофиқлик сертификати берган.

«Ҳозирда биз Хитойнинг Zhejiang Huaxia Elevator компаниясининг Fuji маркали лифтларини Ўзбекистонга олиб келиш, ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланяпмиз. 2023 йилнинг август ойида импортга қўшимча чекловлар жорий қилинди, яъни сифатсиз маҳсулотларнинг Ўзбекистон ички бозорига киришининг олди олинди. Бу вазиятда биз Ўзбекистон ҳудудига фақат мувофиқлик сертификати билангина маҳсулот олиб киришимиз мумкин бўлиб қолди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутахассислари ишлаб чиқарувчининг Хитойдаги заводига ташриф буюриб, барча текширувлардан, жумладан, лифт лабораторияси, ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни текшириш жараёнларидан сўнг сертификатлар берган.

«Шундан кейин ҳозирги кунгача фаолиятимиз давомида ҳеч қанақа тўсиқлар бўлгани йўқ, Ўзбекистонга [лифт] олиб келишда давом этаётгандик. Бизни қийнаётган муаммо четдан кириб келаётган маҳсулотларимизнинг божхонада тўхтатилаётгани ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаётганида. Сабабини сўраганимизда мувофиқлик сертификатларимиз бекор қилинганини айтишди, ваҳоланки, бу сертификатлар 3 йилга амал қилади, албатта, ҳар йили қўшимча текширувлар ўтказиш шарти билан», — деди у.

Яна бир импортчи Олимжон Раҳимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони импорт лифтлари бўйича талабларни кучайтиргани яхши, аммо ҳукумат ўзи берган сертификатларни асосли изоҳ кўрсатмаган ҳолда тўхтатиб қўйгани тушунарсиз ҳолат бўляпти.

«15 йилдан ошиқроқ тажрибага эгамиз. Мутахассисларимиз халқаро компанияларда ишлаб келган. Яқинда инвестор жалб қилиш учун Хитойга боргандим, қайтиб келганимда божхонада расмийлаштириш жараёнини бошладик. Биринчи декларация жўнатганимизда, „Сизда мувофиқлик сертификати йўқ“ деган хат келди. Биз ҳамма қатори Ўзбекистон стандартларига мос равишда ўтган йили август ойида Хитойда „Саноат хавфсизлиги“ масъуллари билан барча лифтларимизни текширтириб келганмиз. Ўзбекистон нормативига мос лифтларни олиб кира бошлаганмиз. Бу талаб тўғри деб ўйлайман, чунки Ўзбекистоннинг талаблари кучлироқ, мен шундай лифтлар олиб кирилиши тарафдориман», — деди у.

Тадбиркор Хитойдан келганидан сўнг божхона орқали мувофиқлик сертификати бекор қилинганидан хабар топган.

«Хитойдан келганимдан кейин божхонага телефон қилсам, сизнинг мувофиқлик сертификатингиз бекор қилинган дейишди. Ҳайрон бўлдим, бу сертификат менга эмас, мен импорт қиладиган компанияга берилган. Агентликка мурожаат қилдим, лекин жавоб ололмадим, бир неча марта эшигининг тагидан қайтиб келдим. Заводимизга ҳам асосли жавоб берилмади», — дейди Олимжон Раҳимов.

Delfar Fuji Cn лифт импортчиси Даврон Боймирзаевнинг айтишича, Хитойдаги компаниялар мувофиқлик сертификатини олиш учун катта пул тўлаган.

«Хитойликларнинг айтишича, Ўзбекистондан бошқа давлатлар ҳам бундай талаблар қўйган, аммо энг қиммат сертификат Ўзбекистонники экан. Хитой компаниялари ҳар бир мувофиқлик сертификати учун 54 минг доллар тўлаб беришган. Компаниялар бу пулларни тўлиқ тўлаб бериб, мувофиқлик сертификатини олишган. Биз учун ҳам, Хитой компаниялари учун ҳам кеча берилган сертификатларнинг бугун бекор қилиниши тушунарсиз ҳолат бўляпти. Бу нафақат ички, балки халқаро муаммога ҳам айланяпти. Хитой компаниялари Ўзбекистонга „шу муаммони ечиб беринглар“ деб чиқиши ёки тўлаган пулларини қайтариб беришни талаб қилиши мумкин», — деди у.

Тадбиркорлар янги шартномаларни бекор қилишга мажбур бўлмоқда. Уларнинг таъкидлашича, қурилиш компаниялари лифтлар ўрнатилмагунча уйларни сота олмайди. Шундай қилиб, сертификатлар амал қилишининг тўхтатиб қўйилиши нафақат импорт қилувчилар, балки қурилиш компаниялари учун ҳам муаммо туғдирмоқда.

Олимжон Раҳимов Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган сармоядорлардан бирида ушбу воқеадан кейин иккиланиб қолганини таъкидлади.

«Топ-10 таликка кирган шарқ брендини Ўзбекистонга жалб қилиш учун анчадан бери музокара олиб бораётгандим. Инвесторимиз рози бўлганди, энди ишлаш жараёни кетаётганди. Бу гапларни эшитиб, инвесторнинг ҳафсаласи пир бўлди. „Сизларда шундай ҳолатлар кузатилса, мен сарфлаган пулларимни қандай чиқараман“, — деб ўйланиб қолди», — дейди тадбиркор.

Унинг фикрича, компаниялар рақобатга бардош бера олишлари керак.

«Агар савдони, импортни чеклашса, рақобат бўлмайди. Зарар қурувчига, ундан халққа боради. Рақобат йўқлиги нархларни қимматлаштиради. Биз очиқ-ойдин рақобатни хоҳлаймиз. Ҳозир битта ишлаб чиқарувчи лифт ёки эскалатор бўйича савдони чекласа, бошқа инвесторлар ҳам бу ерда ишлаш борасида ўйланиб қолади. Импортни тўхтатиш хато», — деди Олимжон Раҳимов.

Давлат идоралари нима дейди?

Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, лифтларга бериладиган мувофиқлик сертификатлари ҳукумат топшириғи билан вақтинча тўхтатилган.

Инспекциянинг тушунтиришича, Ўзбекистонда лифтлар Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги 602-сонли ва 2017 йил 6 октябрдаги «Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисида»ги 801-сонли қарорлари билан тасдиқланган умумий техник регламент талабларига мувофиқ тартибга солинади.

«Маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларига» мувофиқ, лифтларни сертификатлаш учун уч хил схема қўлланади.

Улардан бири 3-схема бўлиб, маҳсулотни серияли ишлаб чиқариш учун сертификациялашда қўлланади, мажбурий кўрсаткичларни текшириш учун маҳсулотни аккредитатланган синов лабораториясида синаш ва ишлаб чиқаришни баҳолашни назарда тутади. Мазкур чизма инспекция назоратидан ўтказишни ҳам назарда тутади ва сертификат 3 йил муддатга берилади.

Хабар берилишича, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан лифтларни сертификациялаш йўналишини янада такомиллаштириш бўйича ишлар ўрганилиб, таклифлар тайёрланган. Ҳукумат топшириғи билан шу таклифлар асосида «Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида муайян вақт мобайнида инспекцион ўрганишлар олиб боради.

«Ўрганишлар натижалари якунлангач, сертификатлаш бўйича „Саноат хавфсизлиги“ давлат муассасаси ўз фаолиятини одатий тарзда давом эттиради», — дейилади инспекция матбуот хизмати хабарида.

Нега тадбиркорлар бу ўзгариш ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган, деган саволга инспекция жавоб бермади.

2021 йил январь ойида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги кўп қаватли уйлардаги лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш лойиҳаси бўйича бош пудратчи сифатида «Технопарк» компаниясини танлашни таклиф қилганди, лекин ҳукумат қарорида пудратчиларни тендер ёки танлов орқали аниқлаш бўйича кўрсатма берилганди. Ўшанда Монополияга қарши курашиш қўмитаси битта компанияга эксклюзив ҳуқуқлар беришига қарши чиққан.