Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан республикадаги модернизм даври бинолари маданий мерос объектлари рўйхатига киритилади. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Ҳукуматнинг 22 апрелдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

У Ўзбекистон халқининг миллий бойлиги ҳисобланган модернизм даври моддий маданий меросини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш, ёдгорликларни тизимлаштириш, рўйхатини тузиш, уларнинг тарихийлигини сақлаш ҳамда уларнинг аҳамиятини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжат билан Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг миллий рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Биринчи босқичда 10 та янги объект (қорайтириб кўрсатилганлар) рўйхатга киритилиб, 10 та объектнинг мақоми ўзгартирилади (энди улар ҳам модернизм объекти ҳисобланади):

  • Қуёш институти (1981−1987 йиллар, давлат мулки);
  • Тошкент давлат цирки (1976 йил, давлат мулки);
  • Тошкент телеминораси (1980 йил, давлат мулки);
  • «Халқлар дўстлиги» саройи (1981 йил, давлат мулки);
  • Алишер Навоий номидаги санъат саройи (1964 йил, давлат мулки);
  • «Марварид» (Жемчуг) турар-жой мажмуаси (1980-йиллар бошлари, хусусий мулк);
  • Рассомлар уюшмасининг кўргазма павилиони (1970 — 1974 йиллар, давлат мулки);
  • «Ўзбекистон» меҳмонхонаси (1963−1974 йиллар, хусусий мулк);
  • «Шодлик» меҳмонхонаси (1969−1975 йиллар, хусусий мулк), шу жумладан «Илҳом» театри биноси;
  • Residence Park меҳмонхонаси (1975 йил, давлат мулки);
  • Давлат санъат музейи (1967−1974 йиллар, давлат мулки);
  • Ўзбекистон тарихи давлат музейи (1970 йил, давлат мулки);
  • Ўзбекистон амалий санъат музейи (ХIХ аср, давлат мулки);
  • Тошкент телемаркази биноси (1972−1977 йиллар, давлат мулки);
  • «Туркистон» концерт зали ва унинг ёзги майдони (1976−1993 йиллар, давлат мулки);
  • Авиасозлар саройи (1976−1980 йиллар, давлат мулки);
  • «Космонавтлар» метро бекати (1972 йил, давлат мулки);
  • «Эски Жува» бозорининг мовий гумбазлари (1950 йил, давлат мулки);
  • «Мовий гумбазлар» кафеси (1970 йил, давлат мулки);
  • Кўкрак жарроҳлиги илмий-тадқиқот институти (1975 йил, давлат мулки).

Жамғарма, шунингдек, юқорида қайд этилган модернизм даври бинолари ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш номзодномасини тайёрланаётганини қўшимча қилди.

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».«Ўзбекистон» меҳмонхонаси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Қуёш институти. Фото: Оқил Ғуломов / ЎзА.Қуёш институти. Фото: Оқил Ғуломов / ЎзА.

«Эски Жува» бозори. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».«Эски Жува» бозори. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Эндиликда мазкур қарор асосида Маданий мерос агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда модернизм даври объектларини белгиланган тартибда давлат кадастрига киритиш чораларини ишлаб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, март ойи охирида ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри ва вилоятлар биноларидаги 160 га яқин мозаик паннолар Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганди.