Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимларини, шу жумладан, айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг муомаласини тақиқлаш ва жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳозирда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига асосан чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини, шу жумладан таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни, таркибида маҳсулотнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган моддалар ёки никотинга қарамликни оширадиган қўшимчалар мавжуд бўлган никотинли ва никотинсиз суюқликларни, никотинли ва никотинсиз суюқликлари бўлган тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини, шунингдек электрон сигареталарни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (шу жумладан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб кириш) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасида тамаки маҳсулотларини чекиш бўйича эмас (чекиладиган ва чекилмайдиган), балки таркибига кўра турларга бўлиш таклиф этилган. Ушбу ёндашув юридик амалиётда ушбу қоиданинг турлича талқин қилинишининг олдини олиши кутилмоқда.

Ҳужжатда қуйидагиларни:

  • таркибида хом ашё сифатидаги тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлган маҳсулотларни (қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, тамакили снюс, ҳидланадиган тамаки, чайналадиган тамаки маҳсулотлар);
  • таркибида никотин ёки никотиннинг ҳосилалари, шу жумладан никотин тузлари, эритмалари, никотинли суюқликлар ёки таркибида никотинли геллар мавжуд бўлган, лекин тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлмаган маҳсулотларни (никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинли суюқликлар, никотин суюқлиги бўлган электрон сигареталар, чилим учун никотинли аралашмалар, никотинли снюс);
  • таркибида тамаки ва никотин мавжуд бўлмаган, лекин тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари билан бирга фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулотларни (никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинсиз суюқликлар, никотинсиз суюқлиги бўлган электрон сигареталар, чилим учун никотинсиз қоришмалар);
  • тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини (бундан чилимлар (электрон бўлмаган), трубкалар, муштуклар, шунингдек уларнинг таркибий қисмлари ва элементлари мустасно) ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш, транзит қилишни тақиқлаш таклиф этилди.

Шунингдек, жисмоний шахсларга юқорида кўзда тутилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини ўз эҳтиёжлари учун, улардан тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш мақсадини кўзламай, юридик шахсларга эса кўргазмавий намуналар ва синовлар учун намуналар сифатида олиб киришни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Ҳозирда қонунга кўра, бир дона сигарета (фильтрли ёки фильтрсиз) ёки қиздириладиган тамаки маҳсулоти аэрозолида (буғида, тутунида) никотин миқдори бир миллиграммдан ошмаслиги керак. Қонунга киритилаётган ўзгартириш қиздириладиган тамаки маҳсулоти аэрозолини (буғида, тутунида) ҳисобга олмасдан, сигаретанинг ўзида никотин таркибини кўриб чиқишни таклиф қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 186−2-моддаси (Муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шунингдек электрон сигареталар ва чилимларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, олиб кириш) киритилиши ҳам мумкин. Ушбу қоидабузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда (17−34 млн сўм) жарима жазоси назарда тутилади. Ҳуқуқбузарлик ашёларини ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Жиноят кодексини худди шу номдаги 186−4-модда билан тўлдириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ушбу ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса модданинг 1-қисмида БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача жарима (68 миллион сўмдан 136 миллион сўмгача), уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.

Агар бу ҳаракатлар кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ҳаракатлар жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу жиноятда ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик қилиш, қонун лойиҳасига кўра, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Асос

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида «мамлакатимиз аҳолисини, айниқса, болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш мақсадида» Президент администрациясининг 30 январдаги ва бош вазирнинг 1 февралдаги топшириқлари асосида ишлаб чиқилгани қайд этилган.

«Сўнгги етти йилда никотин ва тамаки маҳсулотларининг „замонавий“ ёки „инновацион“ турлари, хусусан никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, улар учун суюқликлар, геллар, шу жумладан электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимлари, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари мамлакатимизга кириб келиши ва аҳоли, айниқса болалар ва ёшлар орасида уларни чекиш кескин кўпайган», — дейилади лойиҳада.

2021−2023 йилларда мамлакатга қиймати 28,5 млн долларлик 5,4 млн дона электрон сигареталар импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич аввалги йилларга (2018−2020 йилларда 349 минг долларлик 182 минг дона электрон сигареталар импорт қилинган) нисбатан кескин равишда — 80 бараварга ошган.

Ушбу даврда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 11,8 млрд сўмлик 105,3 минг дона бундай маҳсулотлар контрабандасининг олди олинган.

Мамлакатда электрон сигареталар айланишини тартибга солиш учун қуйидаги ҳуқуқий чекловлар тизими яратилди:

  • реализация соҳасида 40 та, фойдаланиш бўйича 14 та ва ишлаб чиқаришга оид 7 та чекловлар киритилди;
  • импорт қилинувчи электрон сигареталар учун никотинли суюқликлар ва тамакини қиздириш тизими учун тамаки таёқчасига акциз солиғи жорий этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган таҳлилга кўра, ўсмирлар ва ёшлар катталарга қараганда электрон сигаретлардан уч баравар кўпроқ фойдаланишади. Ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида электрон сигаретага қизиқиш жадал ўсиб бормоқда, хусусан, 26,6 минг ўғил ва 8,6 минг қиз чекишга мойил, дейилади тушунтириш хатида.

Қайд этилишича, мактаблар ва жамоат жойларида ўтказилган рейдлар давомида мактаб ўқувчиларидан олиб қўйилган электрон сигареталар сони йил сайин ортиб бормоқда: 2019 йилда 6 та, 2020 йилда 27 та, 2021 йилда 31 та, 2022 йилда 856 та, 2023 йилда 1040 та.

18−29 ёшдаги аҳоли орасида тамаки қиздириш тизимларидан фойдаланиш даражаси (252 минг киши) 30−69 ёшдаги аҳолига (94,2 минг киши) нисбатан 2,5 баравар юқори.

Керакли чоралар кўрилмаса, келажакда ҳар бешинчи (20 фоиз) ёш никотинга қарамликдан азият чекади, дея огоҳлантиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Ушбу салбий тенденциялар тамаки саноати маркетинг стратегияси асосий мақсади бўлиб, электрон сигареталарни ва тамакини қиздириш тизимларини «хавфсиз, зарари кам, хушбўй, одатий сигарета чекишни ташлашга ёрдам беради» каби ёлғон рекламалари эвазига хорижда оммалашаётган «субмаданият»ни аҳолига, энг аввало ёшларимизга сингдиришга қаратилган таҳдиддир», — дейилади эслатмада.

Ҳужжатда таъкидланишича, сўнгги йилларда тамаки компаниялари онлайн реклама учун ўз бюджетини 12−15 баробар ошириб, АҚШ ва Канадада йилига 2 миллион доллар сарфлаган.

Шу сабабдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамаки қиздириш тизимларининг муомаласини тақиқлашни, шунингдек, ушбу тақиқни бузганлик учун жавобгарлик белгилашни таклиф қилди.

Халқаро тажриба

Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Мустақил ҳамдўстлик мамлакатлари ва хорижий мамлакатларининг тажрибаси ўрганилган.

Қайд этилишича, дунё мамлакатларида электрон сигареталар айланмасини тартибга солишда ҳуқуқий жиҳатдан турли ёндашилади. Бунинг натижасини қуйидаги давлатлар мисолида кўриш мумкин.

Бразилияда электрон сигареталар сотиш қонун билан тақиқланган. Жанубий Кореяда электрон сигареталар сотишга қонунчиликда рухсат берилган бўлиб, тамаки маҳсулотларига белгиланган чекловлар электрон сигареталарга ҳам тааллуқли. Буюк Британия қонунчилигида электрон сигареталар истеъмол маҳсулоти сифатида тавсифланади. Одатий сигарета чекувчиларга чекишни ташлашлари учун электрон сигареталар чекиш тавсия этилади.

Бунинг натижасида, катта ёшдаги (18 ва ундан катта ёшдагилар) электрон сигареталарни ҳар куни чекадиган аҳоли улуши Бразилияда 0,4 фоизни, Жанубий Кореяда 2,8 фоизни ва Буюк Британия 9,4 фоизни ташкил этган.

Демак, электрон сигареталар айланмасини қатъий тартибга солиш уларни юмшоқроқ тартибга солишга қараганда анча самарали ҳисобланади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси Саккизинчи конференциясининг (FCTC/COP8 (22)) қарорида, мамлакатлар тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларини (электрон сигареталар, тамакини қиздириш тизимлари каби) истеъмол қилинишини бошлашнинг олдини олишлари, яъни янги эпидемияни «куртаклигида» бартараф этишлари зарурлиги кўрсатилган.

Дунёнинг 119 та мамлакатида электрон сигареталарнинг айланмаси тартибга солинган, уларнинг 35 тасида айланмаси тақиқланган, шу жумладан, Аргентина, Бразилия, Корея Халқ Демократик Республикаси, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Норвегия, Сингапур, Туркия, Туркманистон. Ҳозирги кунда Қозоғистонда ҳам сигареталарнинг айланмаси тақиқлаш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Айни вақтда она-табиатимизга қўшимча таҳдидлари туфайли Франция, Бельгия, Буюк Британия, Ирландия, Германия каби Европа мамлакатлари электрон сигареталарни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Германияда жамоатчилик мамлакат ҳукуматини ушбу маҳсулотларни бутун Европа Иттифоқи бўйлаб тақиқлашга ундамоқда.

Дунёнинг 175 та мамлакатида тамакини қиздириш тизимларининг айланмаси тартибга солинган бўлиб, 19 тасида айланмаси тақиқланган, шу жумладан, Австралия, Бразилия, Корея Халқ Демократик Республикаси, Ҳиндистон, Эрон, Мексика, Сингапур, Туркия, Қатар.