Тошкентда мамлакатда коррупцияга қарши курашни кучайтиришга қаратилган, умумий қиймати 7 миллион евродан ортиқ бўлган «Ўзбекистонда бошқарув тизимини такомиллаштириш» ташаббуси бошлангани эълон қилинди. У Европа Иттифоқи, GIZ бошчилигидаги ЕИ консорциуми, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда, дея хабар беради БМТТД офиси.

ЕИ томонидан молиялаштириладиган ташаббус яқин ҳамкорликдаги иккита лойиҳа орқали амалга оширилади:

  • «Инклюзив равишда коррупциянинг олдини олиш» — GIZ бошчилигидаги ЕИ консорциуми томонидан Минтақавий мулоқот ҳамда Марказий молия ва шартнома агентлиги (CFLA) билан ҳамкорликда Германия ҳукумати томонидан биргаликда молиялаштириладиган 4,55 миллион евролик бюджет билан амалга оширилади.
  • «Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» — БМТТД томонидан 2,5 миллион евролик бюджет билан амалга оширилади.

2024 йилдан 2026 йилгача мўлжалланган лойиҳалар Ўзбекистоннинг барча 14 ҳудудини қамраб олади.

Асосий миллий ҳамкор — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ваколатига эга бўлган бошқа муҳим давлат идоралари, фуқаролар жамияти ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар коррупцияга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларнинг заиф институционализацияси каби муҳим муаммоларни ҳамда бажаришнинг миллий ва минтақавий даражалари ўртасидаги тафовутни ҳал этишга қаратилган.

Лойиҳалар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупцияга қарши курашни кучайтириш ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш орқали ижтимоий масъулиятни оширишдан иборат.

Бу саъй-ҳаракатлар сезиларли натижаларга олиб келиши, жумладан, коррупцияга қарши курашнинг миллий механизмларини мустаҳкамлаш, ҳалоллик ва виждонлиликни, жумладан, минтақавий ва маҳаллий даражада ошириш, фуқароларнинг фаоллиги ва хабардорлигини ошириши кутилмоқда.

Нутқлар

ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан шундай деди: «Ушбу ташаббус Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги улкан ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашда давом этаётганини англатади. Коррупцияга қарши курашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш барқарор ва адолатли ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади».

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов агентлик томонидан кенг кўламли ишларни амалга ошириш, жумладан, «Ҳалоллик рейтинги» ташаббусини жорий этиш, коррупцияга қарши ислоҳотларнинг барча ҳудудларда ёритилишини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш тизимига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш ва уларнинг салоҳиятини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида донорлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш тизимини жорий этиш режалаштирилганини таъкидлади.

БМТТДнинг доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Қарман ва GIZ директори Йоахим Фритц ушбу ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини бошқарув соҳасида инклюзив ва одамлар манфаатларига йўналтирилган бошқарув сари муҳим йўлида қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқлади.