Сўнгги кунларда Бирлашган Араб Амирликларида сўнгги 75 йилдаги энг кучли ёмғир кузатилди. Дубайда бир йиллик ёғин меъёридан ҳам ортиқроқ ёғингарчилик қайд этилди, оқибатда шаҳарда кучли сув тошқинлари содир бўлди.

Йирик магистраллар, кўчалар, шунингдек, кўплаб уй ва биноларнинг биринчи қаватлари, жумладан, дунёдаги энг йирик савдо марказларидан бири — «Дубай молл» ҳам сув остида қолди. Кўплаб ҳайдовчилар ўз машиналарини йўлларнинг ўртасида қолдириб кетишга мажбур бўлди.

Дубай халқаро аэропорти фаолиятини тўхтатди ва ўнлаб рейслар бекор қилинди ёки бошқа йўналишга йўналтирилди. Сувлар шаҳар метросини ҳам четлаб ўтмади.

Bloomberg нашрининг ёзишича, БААда рекорд даражадаги ёмғирлар сунъий булут экишдан кейин содир бўлган бўлиши мумкин. Бу — атмосферага кимёвий моддаларни, кўпинча табиий тузларни пуркаш жараёни учун берилган ном. Моддалар булутлар билан қўшилиб, ёмғир ёғадиган туман пайдо бўлишига олиб келади.

БААда сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун 2002 йилдан бери булутли «суғориш» амалга оширилмоқда, бироқ мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида дренаж тизимларининг йўқлиги сув тошқинларини келтириб чиқариши мумкин, дея таъкидлайди агентлик.

БАА Миллий метеорология маркази мутахассиси Аҳмад Ҳабибнинг нашрга билдиришича, ёмғир бошланишидан олдин — 14 ва 15 апрель кунлари махсус булутли экувчи самолётлар еттита парвозни амалга оширган. Бироқ у мамлакатда ёмғир кузтилган 16 апрелда бундай парвозлар амалга оширилганини рад этди.

Bloomberg нашрининг таъкидлашича, Дубай медиа офиси уйларни сув босганига қарамай, ёмғирларни «яхшилик ёмғири» деб атади.

Булут экиш ёмғирни келтириб чиқарган бўлиши мумкин, деб ёзмоқда AP. Агентлик томонидан парвоз маълумотлари таҳлили шуни кўрсатдики, булутли «суғориш»ни амалга оширувчи камида битта самолёт БАА устидан учиб ўтган.

БААга қўшни Баҳрайн, Ўмон, Қатар ва Саудия Арабистонида ҳам ёмғир ёғди. Ўмонда сув тошқини оқибатида 19 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўн нафар мактаб ўқувчиси ҳам бўлган, улар чўкиб кетган машинадан чиқиб кета олмаган.