Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2024 йилги янги хусусийлаштириш дастури билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Дастур давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушлари ва кўчмас мулк объектлари самарадорлигини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган.

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш мақсадида оммавий савдоларга чиқариладиган 250 га яқин улушлар рўйхати, давлат иштирокидаги корхоналарнинг қарийб мингта кўчмас мулк объекти рўйхати, маҳаллий фонд бозорида акцияларнинг оммавий таклифи ўтказиладиган 12 та корхона рўйхати шакллантирилган.

»давактив,

Қайд этилишича, илгари савдога қўйилган айрим иншоотлар сотилишида ҳам муаммолар бўлган. Буни жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш мақсадида қатор енгилликлар белгиланмоқда.

Масалан, давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳоси 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилади. 2024 йил 1 январгача аукцион орқали ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларини бажарган тадбиркорларга давлат мулкини баҳоланган қийматда сотиб олиш таклиф этилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) бошланғич қиймати 30 фоизигача, 6 ойда сотилмаганда 10 фоизигача пасайтирилади.

Тўловларнинг 15 фоизини 3 ой муддатда, қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Хусусийлаштириш дастурларига киритилган кўчмас мулкларнинг кадастр ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш учун тўловларни Хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширишга рухсат берилади.

Янги дастур доирасида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ҳамда халқаро автомобиль йўллари бўйида савдо ва сервис объектларини жойлаштириш учун савдоларга чиқариладиган ер участкаларининг рўйхатлари шакллантирилган ҳамда уларни савдога чиқариш соддалаштирилган.

Шу муносабат билан янги тартиблар белгилаш таклиф этилмоқда. Жумладан, мастер режа асосида халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари бўйида жойлашган ер участкалари замонавий сервис ва савдо-маиший объектларни қуриш учун аукционга чиқарилади. Сотилган ер участкалари харидорга чекловларсиз расмийлаштириб берилади.

Йиғилишда давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, буни жадаллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Президент аграр соҳага хизмат кўрсатувчи давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш чора-тадбирларини ҳам кўриб чиқди. Бу жараёнларни жадаллаштириш, хусусийлашган бино-иншоотлар негизида тадбиркорликни ривожлантириб, кўпроқ иш ўринлари очиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Ўз соҳасида хусусий сектор улушини муттасил ошириб бориш, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларни сотиш маҳаллий ҳокимлик ва тармоқ раҳбарларининг асосий вазифаларидан бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон ОртиқовДавлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов

Январь ойида Шавкат Мирзиёев 33 та дон корхонасини хусусийлаштиришни тезлатиш бўйича топшириқ берганди. У вазирлик ва ҳокимликлар активлари сотувининг сустлашиб бораётганини танқид қилган. Масалан, Тошкент шаҳрида 25 гектар ер аукционга қўйилиб, кейин қайтариб олингани сабабли бюджетга 600 млрд сўм келиб тушмаган.

2024 йилда хусусийлаштириш жараёнларида 400 та корхона улушини, 800 та корхонадаги кўчмас мулкни, 2 минг гектар ер майдонларини сотишдан 20 триллион сўм даромад олиш кутилмоқда.