Тошкент шаҳри Беруний-1 массивида жойлашган мозаикали бинодан реклама баннерлари демонтаж қилинди, деб хабар беради Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Фонднинг таъкидлашича, мозаика ва паннолардан реклама баннерларини олиб ташлаш бўйича ишлар шаҳар ҳокимлиги ва Payme тўлов тизими билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, март ойи сўнггида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги 160 га яқин мозаик панно монументал санъат ёдгорликлари сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган эди. Шу қарор билан мозаикали биноларга реклама баннерларини ўрнатиш тақиқланган.

5 апрель куни ҳам Тошкентнинг Миробод кўчасида жойлашган мозаикали бинодан реклама баннери олиб ташланганди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси жамоатчиликни бинолардаги ҳимоя ва асраб-авайлашга муҳтож мозаика ва паннолар ҳақида хабар беришга чақирмоқда.

Муҳофазага муҳтож мозаика ва панноларнинг сурати ва жойлашувини mosaic@acdf.uz электрон манзилига юбориш мумкин. Бундан ташқари, ҳали миллий рўйхатга киритилмаган мозаикалар ҳақида ҳам маълумот юбориш сўралган.