Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тезкор тадбирлар давомида Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларини аниқлади.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида маклерлик қилувчи 2 нафар шахс Оҳангарон туманидаги 96,6 гектар яйлов ерни мансабдор танишлари орқали чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Улар бунинг эвазига 70 минг доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сотиб юборилиши керак бўлган ер қишлоқ хўжалигига ихтисослашган корхонага 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган бўлган. Терговга қадар текширув давомида маклерлар ушбу ноқонуний ишни Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, шуъба бошлиғи ҳамда бош мутахассис лавозимларида ишловчи 3 нафар шахс орқали ҳал қилмоқчи бўлганликлари аниқланиб, улар ҳам қўлга олинди.

Тошкент туманида кузатилган ҳолатда корхона раҳбари ҳамда ишчиси муқаддам автотураргоҳ ва интенсив ёнғоқзор ташкил этиш учун 9 йилга ижарага берилган 50 сотих ернинг 25 сотихини харидор номига расмийлаштириб беришни режа қилган. Фуқаролар бунинг эвазига 50 минг доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Яна бир ҳолатда Оҳангарон туманида яшовчи шахс ўз онасига тегишли чорвачилик фермасига муқаддам 49 йил муддатга ижарага берилган 20 гектар ерни тадбиркор номига расмийлаштириб бериш ва унинг 40 сотих қисмида қурилиш қилиш учун мансабдор танишлари орқали рухсат олиб бермоқчи бўлган. У бунинг учун 100 минг доллар талаб қилган ва олдиндан 30 минг доллар олган вақтида қўлга тушди.

Бу йўналишда Бухоро вилоятида ҳам қонун бузилиши ҳолати аниқланди. Хусусан, Бухоро туманидаги боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари муқаддам туман ҳокимининг тегишли қарори билан ушбу хўжаликка 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилган 5,3 гектар ер майдонини харидорга 95 минг долларга сотишга келишган. Бунда хўжалик раҳбари олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.