Ўзбекистонда энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва уларнинг истеъмолига ижтимоий нормаларни жорий этиш режалаштирилаётгани хақида хабар бергандик. Унга кўра, 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади (2019 йил августидан буён илк марта). Шунингдек, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий норма жорий этилади.

АОКАда шу мавзу бўйича бўлиб ўтган брифингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Хуршед Мустафаев тарифлар оширилаётганига изоҳ бериб, электр энергияси ва табиий газ таннархига тўхталди.

У сўнгги 5 йилда мамлакатда электр энергияси ва табиий газ нархлари аҳоли учун ўзгаришсиз қолганини эслатиб, 2021 йилда коронавирус туфайли, 2022−2023 йилларда дунёдаги геосиёсий зиддиятлар туфайли иқтисодий ва молиявий ноаниқликлар кучайиб борганини айтди.

«Шунинг учун аҳолимизнинг даромадлари кўпайиб, тўлов қобилиятининг яхшиланишига шароит яратиб берилди. Лекин шу даврнинг ўзида инфляция даражаси 66 фоизга ошди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни қайта кўриш чиқиб керак бўляпти. Электр энергисининг таннархини оладиган бўлсак, ҳозирги кунда қарийб 1000 сўмни, табиий газники эса қарийб 2000 сўмни ташкил қилади», — деди Хуршед Мустафаев.

Унинг таъкидлашича, ўз навбатида, ушбу харажатлар корхоналарнинг операцион харажатлари, яъни инвестицион лойиҳалари, кредит тўлови билан боғлиқ харажатларини ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябрь ойида энергетика вазирлиги газ ва электр энергияси таннархини эълон қилганди.

Ўшанда 1 киловатт-соат электр энергиясининг таннархи 970 сўм экани айтилганди. Бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия ажратмоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.

1 куб метр газ таннархи эса 1890 сўм экани айтилганди. Иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатдаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.

2023 йилда Ўзбекистонда давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 2 йил ичида 5 бараварга — 5,63 трлн сўмдан 29,25 трлн сўмга (2,5 млрд доллар) ошди. Унинг 18 трлн сўми газ сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплашга йўналтирилган.

2024 йилда тарифларни ошириш ҳисобига субсидиялар миқдорини 9,5 трлн сўмгача камайтириш режалаштирилган. Шунингдек, электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш нархлари ўртасидаги фарқни қоплаш учун 2,5 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган.