13 апрель куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент туманидаги Сўқоқ қишлоғига кучли сел келгани ҳақида видеохабар тарқалди.

Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, ўша куни қисқа муддатда ёғиб ўтган кўп миқдордаги кучли ёғингарчилик оқибатида қишлоқнинг Чашма маҳалласида сел оқимлари юзага келган.

Ҳодиса оқибатида маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи сув йўлига кучли ёғингарчилик оқибатида оқиб келган сув сиғмай, мазкур ҳудуддаги автомобиль йўлининг қатнов қисмига тошиб чиққан.

Паркент тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ва тегишли хизматлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилган. Ҳеч қандай талафотлар аниқланмади, дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзгидромет 12−15 апрель кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида, хусусан, Тошкент вилоятининг Паркент туманида ҳам сел-сув тошқини ҳодисалари кузатилишидан огоҳлантирганди.