Ўзбекистонда март ойида аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан бироз (-0,2 фоиз) секинлашиб, 12,8 фоизни ташкил этди. Бу Марказий банк эълон қилган инфографикада акс этган.

Инфографика: Марказий банкИнфографика: Марказий банк

Валюта курси ўзгариши ва нархларнинг сунъий оширилиши келгусида нархлар ошишига таъсир этувчи асосий омил бўлишини қайд этганлар улуши ортди (61 фоиз, февралда 56 фоиз эди). Ёнилғи ва энергия ресурслари нархи ошишини асосий омил сифатида белгилаган респондентлар улуши камайди (50 фоиз, февралда 54 фоиз эди).

инфляцион кутилмалар

Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам ўтган ойга нисбатан бироз пасайди (-0,5 фоиз) ва 12,2 фоизни ташкил этди.

инфляцион кутилмалар

Тадбиркорлар орасида валюта курси ўзгаришини нархлар ошишига олиб келувчи асосий омил сифатида кўрсатганлар улуши ортган (61 фоиз, февралда 57 фоиз эди). Ёнилғи ва энергия ресурслари нархи ошишини белгилаган тадбиркорлар улуши камайган (44 фоиз, февралда 49 фоиз эди).

инфляцион кутилмалар

Соҳалар кесимида энг юқори инфляцион кутилмалар ахборот технологиялари соҳасида ишловчилар (улар инфляция 16, 8 фоиз даражасида бўлишини кўрсатган) томонидан қайд этилган бўлса, энг паст кутилма туризм соҳасига (10 фоиз) тўғри келди.

Тадбиркорлар субъектларининг энг юқори инфляцион кутилмалари маданият соҳасида кузатилди (15 фоиз), энг паст кутилмалари эса туризм соҳасида бўлиб турибди (10,8 фоиз).

инфляцион кутилмалар

Аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (16,9 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст инфляцион кутилмалар Қорақалпоғистон Республикаси (10 фоиз) ва Жиззах вилоятида (9,9) яшовчи аҳоли томонидан қайд этилган.

Бизнес вакиллари бўйича энг пессимистик кутилмалар ҳам Тошкент шаҳрида бўлиб турибди (14,4 фоиз), энг оптимистик кутилмалар Қорақалроғистонда (10,3 фоиз) қайд этилган.

инфляцион кутилмалар

Даромадлари 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари ўртачадан юқори шаклланди. Хусусан, 15 млн сўмдан юқори даромадга эга респондентлар инфляция кейинги бир йил ичида 19,2 фоиз даражасида бўлишини кутмоқда.

инфляцион кутилмалар

Тошкент шаҳрида яшовчи респондентларнинг 22 фоизигина инфляция 8 фоиз ёки ундан камроқ бўлишига ишонмоқда.

инфляцион кутилмалар

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида ҳам Ўзбекистонда аҳолининг инфляцион кутилмалари пасайганди. Аҳоли ва тадбиркорлар энг кўп валюта курси ўзгариши ҳамда ёнилғи ва энергетика нархи ошишидан хавфсираётганини қайд этган.