Қандай ташқи таҳдидлар бўлмасин, халқ рози қилинса, Ўзбекистон уларга тайёр бўлади, деди Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Жиззах вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда. Унинг нутқи шанба куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида намойиш этилди.

«Жаҳонда нималар бўлаётганини сиёсатдан узоқ одам ҳам кўриб, биляпти. Мен сиёсатчи эмас, деган одам ҳам шуни кўриб, тушуниб етяпти. Жуда кўп масалалар бор — ечими йўқ. Халқаро майдонда баланс бузилди. Қонун-қоидалари мутлақо ўзгарди. Ҳатто дўстим деб юрган давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқ бўлди, десак, бу ҳам адолатли», — деди президент.

Эртага нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини ҳеч ким билмайди, деди у.

«Бу гапларни сизларга нима учун айтяпман? Бу мусаффо мустақилликнинг қадрига етяпмизми, йўқми? Ташқаридан таҳлика, нима бўлишидан қатъи назар, агар биз одамларимизни рози қилсак, ўша таҳдидга биз тайёр бўла оламиз. Мамлакатимизда тинчлик сақлаш, одамларимизни даромадли қилиш, уларга муносиб шароит яратиш — бунинг учун бизга барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиёт керак. Юқори даромадли янги иш ўринлари керак. Экспорт керак бизга», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, у санаб ўтган жиҳатлар «фидойилик ва ватанпарварлик»ка асосланган. «Энг катта нарса, онг ўзгариши керак. Онг пировардида иш ўрни, одамларни инонтириш, давлат сиёсатига хизмат қилиш бўлади», — деди у.

«Барибир қилдираман. Қилдираман. Худо менга соғлик бериб, умр берса, шундай кунлар келадики, бизда камбағал, ишсизлик бўлмайди. Нимага, десангиз, бунга мен етти йил умримни қўйдим, бунга тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим фаровон яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари фаровон бўлсин, бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, тиббиёти ишласин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин, деб ишга келдим мен. Ўзбек халқини ким ўйлайди, биз ўйламасак?» — деди президент.

«Газета.uz» Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи чоғида металлургияга ихтисослашган саноат зонаси ва қуёш электр станцияси қурилишининг бошланишида иштирок этгани, шунингдек, ADM Jizzakh автомобиль заводи ва бошқа объектлар фаолияти билан танишганини ёзганди.