Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи доирасида саноат ва энергетика соҳаларида янги лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, биргина 2023 йилда мамлакатда 4600 та саноат корхонаси ишга туширилган. Саноат 6 фоизга ўсиб, 656 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Бундан ташқари, умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган 7 та йирик иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари тармоққа уланган. 14 миллиард долларлик хорижий инвестициялар эвазига умумий қуввати 12 ГВт бўлган 31 та электр станцияси қурилмоқда. Жорий йилда Навоий, Бухоро, Наманган, Тошкент ва Қашқадарёда 2,6 ГВт қувват тармоққа уланиши кутилмоқда. Умуман олганда, муқобил энергетикани ривожлантириш ҳисобига жорий йилда «яшил» энергиянинг ишлаб чиқаришдаги улуши 30 фоизга етиши керак.

«Биз бу ишларни халқимизга муносиб турмуш шароити ҳамда саноатимиз ривожи учун узлуксиз энергия таъминотини яратиш мақсадида амалга оширяпмиз. Бу ҳамма ҳудудларда яхши анъанага айланиб улгурди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент рамзий тугмани босиб, иккита мажмуа қурилишини бошлаб берди.

Биринчи лойиҳа — Ғаллаорол туманида қуриладиган, металлургияга ихтисослашган саноат зонаси. У ерда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.

Иккинчи лойиҳа — Хитойнинг China Poly Group ва China Electric компаниялари билан ҳамкорликда Фориш туманида қуриладиган қуёш электр станцияси. Қиймати 350 миллион доллар бўлган, 500 МВт қувватга эга станция йилига 1,1 миллиард кВт/соат яшил энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади, бу эса 450 минг хонадоннинг энергия таъминотини яхшилайди. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қуввати шу йил якунида тармоққа уланиши режалаштирилган.

«Яқин йилларда Шароф Рашидов, Фориш ва Ғаллаорол туманларида яна 1 минг 660 мегаваттли иссиқлик, шамол ва қуёш электр станциялари ҳам қурилади. Булар аҳоли турмуш даражасини ошириб, иқтисодиёт ривожига қўшимча туртки бўлади», — дейилади хабарда.