Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ҳоким ўринбосари ва транспорт бошқармаси бошлиғи қўлга олинди, деб хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Бошқарма маълумотларига кўра, Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокими ўринбосари «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хусусий корхонани маҳаллий фермерларга плёнка етказиб берувчи қилиб белгилаш эвазига 5 минг доллар талаб қилган.

У сўралган пулдан 15 миллион сўм олаётган вақтда қўлга олинди. Терговга қадар ўтказилган текшириш давомида у ёрдами учун аввалроқ 10 миллион сўм олгани маълум бўлди.

Давлат хавфсизлик хизматининг қайд этишича, у муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Андижонда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи компания раҳбарини ҳам қўлга олди.

андижон вилояти, кўкдала тумани, қашқадарё вилояти, коррупция

Маълум бўлишича, у фуқарога юқори мартабали танишлари орқали унинг номига ширкат ташкил этиш ва «Эски шаҳар — Олтинкўл» йўналишида йўловчи ташиш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш бўйича тендерда ғолиб бўлишни ваъда қилган.

Бунинг учун у 7500 доллар талаб қилган ва бу пулни олаётган пайтда қўлга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари терговга қадар ўтказилган текширув вақтида ушбу ишга Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчининг алоқадорлигини аниқлаб, уни қўлга олди. Қайд этилишича, у аввал ҳам судланган.