13 апрель куни тонгда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида юз берган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди, тўрт киши жароҳатланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса Тошкент-Термиз М-39 автомобиль йўлининг 998-километрида содир бўлган. Yutong автобуси Howo юк машинаси орқасига бориб урилган. Оқибатда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли ва Мўйноқ туманларида яшовчи 2 киши олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва Тахиатош туманида яшовчи 3 киши ҳамда 1 нафар франциялик фуқаро турли даражада жароҳатлар олган.

Тиббий ёрдамга муҳтожларга тегишли ёрдамлар кўрсатилмоқда. Автобуснинг бошқа йўловчиларини манзилларига етказиш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда автобус Нукусдан Олмаота (Қозоғистон) йўналишида ҳаракатланаётгани айтилган.