13 апрель куни Шерзод Абдимуратович Ражабов Сурхондарё вилояти ҳокимининг янги биринчи ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Шерзод Ражабов ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлди. У мазкур лавозимда бошқа ишга ўтиши сабабли озод этилган Анвар Орипов ўрнини эгаллади.

Ражабов 1984 йил Қизириқ туманида туғилган. 2007 йилда Термиз давлат университетини, 2014 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги гуруҳ раҳбари, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг бўлим бошлиғи, директор ўринбосари, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.

Тайинлангунга қадар 2023 йилдан буён Қизириқ тумани ҳокими лавозимида фаолият юритаётганди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Зиёда Аслоновна Аминова вилоят ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи бўлди.

Зиёда Аминова 1978 йил Касби туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган.

У тайинловга қадар вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.