Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ҳудудларда тезкор тадбир ўтказиб, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжати бўлмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйди.

дори воситалари, дхх, сирдарё, қашқадарё

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи аёл «Банксеф», «Занасеф», «Гансеф» ва «Гандсеф» номли жами 3767 дона дорини 54 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. У дорини яккабоғлик бошқа бир аёлдан олганини айтди.

Аниқланишича, ушбу шахс ҳам муқаддам сотган дорилари учун 26 млн сўм олган вақтида қўлга тушди. Шунингдек, аёлнинг уйидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 1 млрд 307 млн сўмлик жами 14 909 дона дори воситаси топилди ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, улар давлат рўйхатидан ўтмаган.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида кузатилган ҳолатда эса фуқаронинг уйида Хитойда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари йўқ ва сифати кафолатланмаган, жами 593 млн 142 минг сўмлик 49 мингта флаконда «Амписул» номли дори воситалари борлиги аниқланди. Уларнинг эгаси ҳисобланган бекободлик шахс қўлга олинди. Шунингдек, терговга қадар текширув давомида ушбу дориларни фарғоналик 2 фуқаро Тожикистондан божхона назоратини четлаб ўтиб, олиб келгани аниқланди, улар ҳам ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.