Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Нукусда фуқарони ДХХга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсни ушлагани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида яшовчи шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, танишлари орқали уни Давлат хавфсизлик хизмати органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган. У бунинг эвазига 11 минг АҚШ доллари талаб қилган. Гумондор сўралган пулни Нукус шаҳрида олган вақтида ДХХ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс муқаддам 4 нафар фуқарони ДХХ идораларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан улардан жами 65 минг АҚШ доллари олгани ҳам аниқланди.

Келтирилишича, ушбу шахс муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан 5 маротаба судланган. Ҳозирда унга нисбатан яна Жиноят кодексининг айни шу моддаси (Фирибгарлик) ва 28,211-модда (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов кетмоқда.