Россиянинг «Стройпроект» компанияси Тошкентда 10 миллион долларга бизнес маркази қуради, деб хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

ССП маълумотларига кўра, 2021 йил октябрь ойида Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов бошчилигидаги Россия ишбилармон доираларининг мамлакатга ташрифи чоғида пойтахтда бизнес маркази қуриш таклифи илгари сурилган.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик доирасида инвестор маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган. Бинода ССП Тошкент шаҳри бошқармаси ва Тошкент халқаро арбитраж маркази (ТХАМ) бепул жойлаштирилади.

ССП матбуот хизматининг Spot`га аниқлик киритишича, мазкур иншоот Алишер Навоий номидаги кино саройи («Панорама») ва «Пахтакор» стадиони ўртасида (автотураргоҳ ўрнида) қурилиши режалаштирилган. Инвестор Санкт-Петербургдаги «Стройпроект» МЧЖ компанияси бўлади.

Бино қўшимча икки қаватли ерости автотураргоҳи билан қурилиши режалаштирилган. Интернетдаги фойдаланувчилар сайтдаги дарахтлар юзасидан ташвишларини билдирмоқда.

«Ишбилармонлик марказини барпо этишда ер участкасидаги ва атрофдаги мавжуд дарахтларга зиён етказилмайди ҳамда Экология вазирлиги билан биргаликда барча дарахтлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг ҳар бири рақамланади», — деб ишонтирди ССП.

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрининг Махтумқули кўчасида жойлашган «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Яшнобод филиали ўрнида умумий қиймати 40 миллион долларлик савдо-кўнгилочар марказига эга 21 қаватли бино қуриш режа қилинмоқда. Президент бошқа банклар раҳбарларига ҳам худди шундай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.