Россия Украинанинг аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳри бўлмиш Харьковни яшаш учун яроқсиз «кулранг зона»га айлантиришга қарор қилди, деб ёзмоқда Economist нашри ўзининг Киевдаги ҳарбий манбаларига таяниб.

Нашрнинг қайд этишича, Россия армияси декабрь ойида Харьковни бомбардимон қилишни кучайтирган — сўнгги бир неча ой ичида шаҳарга кенг кўламли уруш бошланганидан бери кўпроқ баллистик ракеталар учирилган. «Дрон ҳужумлари тез-тез содир этиладиган бўлди: улар тезроқ ва баландроқ учмоқда, қанотлари эса углерод билан қопланган, бу эса уларни уриб туширишни қийинлаштиради», — дейилади мақолада.

27 март куни Россия, шунингдек, Харьковга бошқариладиган авиабомбалар билан ҳужум қила бошлади, деб ёзади Economist ва буни урушдаги «бурилиш нуқтаси» деб атади. Беш кун олдин ракета ҳужуми шаҳарнинг деярли бутун энергетика инфратузилмасини вайрон қилди. Нашр ҳисоб-китобларига кўра, Харьковни бошқариладиган авиабомбалар, ракеталар ва дронлардан ўққа тутиш мобайнида — бир ҳафта давомида камида 16 киши ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши жароҳатланган.

«Агар Ғарб [Украинага] кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёки бомба ташувчи қирувчи самолётларни ортга қайтара оладиган F-16 самолётлари билан таъминлаганда, шаҳарнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиш мумкин эди», — деб таъкидлайди Economist. Нашр маълумотларига кўра, Россия Ғарб томонидан етказиб берилган, Киев Харьков каби шаҳарларни ҳимоя қилиш учун ишлатган Patriot ҳаво мудофаа тизимларининг бир қисмини йўқ қилган.

Россиянинг «аниқ ниятлари» ноаниқ, бироқ у ёзги йирик ҳужумга тайёрланаётгани бўйича «аниқ белгилар» бор, деб ёзади Economist. Украина разведкаси маълумотларидан хабардор манбанинг нашрга билдиришича, Россия ҳозир Шарқий Сибирда 120 мингга яқин ҳарбий хизматчини тайёрламоқда.

«Харьков келажакдаги ҳужумлар учун бир нечта эҳтимолий йўналишлардан биридир. Бу энг ишончи вариант эмас, лекин у аллақачон Россия оммавий ахборот воситаларида фаол муҳокама қилинмоқда», — дейилади материалда.

Харьковни эгаллаш бўйича ҳарбий операция Россия учун қийин вазифа бўлади, деб ҳисоблайди Economist. Россия армияси охирги марта буни 2022 йилда амалга оширишга уриниб кўрганди, ўшанда шаҳар анча қониқарсиз ҳимояланган ва «муваффақиятсизликка учраган». «Шаҳарни эгаллаш учун Украина мудофаасини бузиб ўтиш, уни ўраб олиш (Россия эса ҳали буни уддалай олмаган), ҳаво устунлигини қўлга киритиш (бу ҳам амалга ошган эмас) ва шаҳардаги қонли кампанияда ғалаба қозониш керак бўлади», — деб ёзади нашр.

  • Украина президенти Владимир Зеленский бир кун аввал Харьковдаги «жуда оғир» вазиятни эълон қилганди. «Россия террори давом этмоқда. Россияликлар деярли ҳар куни шаҳарга қарши бошқариладиган бомбалардан фойдалана бошлади», — деди у ўзининг видеомурожаатида. Зеленский Украинада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етарли эмаслигини қўшимча қилди ва Ғарб ҳамкорларини Киевга қўшимча Patriot тизимлари билан таъминлашга чақирди.