6 апрель куни Тошкент ҳарбий округи қўшинлари бўлинмалари иштирокида махсус-тактик ўқувлар бошланди, дея хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги.

«Бўлинмаларнинг жанговар шайлигини янада ошириш, ўзаро уйғунлик ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда профессионал даражада ҳаракатланиш кўникмалари ва тайёргарлигини ҳар томонлама баҳолаш мақсадида ташкил этилган тактик ўқувларда ҳарбий округ қўшинлари бўлинмаларининг зирҳли техникалари, ҳарбий енгил зирҳли ва юк автомобилларининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг белгиланган маршрутлари бўйича ҳаракатланиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Ҳарбий техникалар ҳаракати вақтида ҳайдовчиларга йўл-ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлигига қатъий риоя қилиш тавсия қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг ноябрь ойида Қашқадарё вилоятида Lacetti русумли автомашинанинг ҳарбий юк ташиш транспорти билан тўқнашиб кетиши оқибатида уч киши ҳалок бўлган эди.