Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан Хивада бўлиб ўтган музокараларда қозоқ-ўзбек тандеми ҳаётий зарурат, деган фикрни билдирди. Бу сўзларни унинг матбуот хизмати келтирмоқда.

«Биз фақат биргаликда ва уюшибгина мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлай оламиз», — деди Тоқаев.️ Шу муносабат билан Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2034 йилгача бўлган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани хабар қилинди.

️Учрашувда президентлар иқтисодий ҳамкорлик масалалари, жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, энергетика, транспорт, сув хўжалиги ва IT саноати соҳаларида ҳамкорлик юзасидан фикр алмашди.

Акорда маълумотларига кўра, ўтган йил охирида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,4 миллиард долларни ташкил қилган. Саноат, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда портфелга инвестиция ҳажми 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 60 та қўшма лойиҳа киритилган.

Аввалроқ хабар қилинганидек, учрашувда саноат кооперациясининг узоқ муддатли дастурини яратиш, шунингдек, транспорт ва энергетика соҳаларида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

«Суҳбат чоғида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ноёб сайёҳлик салоҳиятини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади Акорда хабарида.

Шавкат Мирзиёев ва ️Қосим-Жомарт Тоқаев минтақавий кун тартибини кўриб чиқди.