Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади 5 апрель тонгида Сурхондарё вилоятидаги Термиз халқаро аэропортига олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

жасадларни ватанга қайтариш, йтҳ

Ҳукумат фармойиши билан ташкил этилган махсус комиссия 4 апрель куни Қозоғистонга етиб борганди. Унинг аъзолари Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашиб, белгиланган ташкилий ва амалий тадбирларни ҳамкорликда олиб борган.

Фуқароларнинг жасади Мудофаа вазирлигининг махсус бортида келтирилди.

жасадларни ватанга қайтариш, йтҳ

жасадларни ватанга қайтариш, йтҳ

«Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқаронинг жасадлари яшаш манзилларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

ФВВ Қозоғистоннинг масъул идоралари вафот этганларни Ўзбекистонга олиб келишида яқиндан кўмаклашганини қўшимча қилди.

Бир кун аввал Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентига ҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига билдирилган ҳамдардлиги учун миннатдорлик йўллаганди. Унда ҳодиса сабабларини аниқлаш ва марҳумларни ватанга олиб келишда Ўзбекистоннинг махсус ҳукумат комиссияси ва идораларига Қозоғистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган кўмак учун ҳам ташаккур айтилган.