Ўзбекистонда оилавий тадбиркорлик учун гаровсиз имтиёзли кредитнинг максимал миқдори 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда. Бу президентнинг 3 апрелдаги қарорида кўзда тутилган.

2024 йил 1 апрелдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга (асосий иш жойига эга шахслар бундан мустасно) оилавий тадбиркорлик дастури бўйича кредитлар ажратила бошлайди.

Улар 33 миллион сўмгача, бир йилдан сўнг ушбу қарз олувчининг тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги, қарзнинг мақсадли ишлатилгани ҳамда заруратга қараб гуруҳ кафиллиги (камида 3 нафар фуқаро) билан қўшимча 50 млн сўмгача револьвер асосида маблағ олиши мумкин бўлади.

Кредитдан томорқа хўжалигини ривожлантиришнинг бир қанча йўналишлари — паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва ихчам иссиқхона ташкил этишда фойдаланиш мумкин.

Майдони 10 сотихдан ортиқ томорқа ер эгалари ва ижарачилар 50 миллион сўмгача гаровсиз имтиёзли кредит олиши мумкин бўлади. 10 сотихли ихчам иссиқхоналар ва балиқ етиштириш фаолиятини ташкил этиш учун 100 миллион сўмгача гаровсиз маблағ ажратилади.

Бунда туман ёки шаҳар ветеринария бўлими томонидан идентификация қилинган (биркалаш усули) ва «ҳақиқатдан етказиб берилган чорва моллари»ни (қорамол, қўй, эчки) сотиб олишга нақд пулда кредитлар ажратилиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли томорқасида бизнесни йўлга қўйиш учун ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик қилишни истаган аҳолига иссиқхона қуриш, чорва моллари боқиш, томорқага мавсумий экинлар экиш учун ҳам нақд пулда кредитлар ажратилади. Бунинг учун бириктирилган банк ва ҳоким ёрдамчисининг ушбу тадбирлар амалга оширилиши борасидаги кафиллиги керак.

2024 йил 1 январдан бошлаб оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлар 3 йилдан 4 йилгача муддатга (илгари 3 йилгача) 6 ойдан 1 йилгача (илгари 6 ойгача) имтиёзли давр билан берилади. Бунда ставка Марказий банкнинг йиллик асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори бўлиши белгиланди.

Имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади ҳамда оилавий тадбиркорлик, муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аҳоли ва тадбиркорларга 3 йилдан 4 йилгача (илгари 3 йилгача) муддатга 6−12 ойлик имтиёзли давр (илгари 3−6 ой) билан берилади.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра қарз олувчи томонидан карталарга ўтказиладиган 10 миллион сўмгача бўлган кредитларни нақдлаштиришга қўйилган тақиқ бекор қилинди (ҳунармандлар учун — 20 миллион сўмгача).

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Савдо-саноат палатаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда дастурлар доирасида кредитлар ҳисобига маҳсулот (хизмат)ларнинг етказиб берилишида шаффофликни таъминлаш мақсадида «маркетплейс» эркин савдо майдончасида рақобат муҳитини шакллантириш, нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик, таъминотчи корхоналар томонидан маҳсулот (хизмат)ларнинг ўз вақтида ва сифатли етказиб берилишини таъминлаш юзасидан кучайтирилган назоратни амалга ошириш топширилди.

2024 йил 1 июлдан бошлаб Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда маҳаллаларда кредитларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиши лозим.

1 апрелдан бошлаб «Ҳунармандликни ривожлантириш», «Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш», «Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш», «Yoshlar — kelajagimiz» дастурлари доирасида мавжуд ва аввал ажратилган кредитларни тўлаш ҳисобига шаклланадиган маблағлар «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурига йўналтирилади.

Декабрь ойида президент «бизнесга қадам қўяётган» якка тартибдаги тадбиркорларга кредит бериш таклифини маъқуллаганди. Ўтган йил охиригача Ўзбекистонда 2,4 миллион киши якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган. Имтиёзли кредит йиллик 340 минг сўм ижтимоий солиқ тўланганидан кейин унинг картасига ўтказилиши режалаштирилган эди.