27 март куни ижтимоий тармоқларда Туркия махаллий хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ИШИД халқаро террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинаётган 70 кишини қўлга олгани ҳақида хабар тарқалди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасининг маълум қилишича, улар орасида Андижон вилоятида туғилган 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланган.

Адвокатлар аралашуви натижасида унинг террорчилик гуруҳига алоқадорлиги ҳақидаги важлар ўз исботини топмаган ва қўйиб юборилган.

Консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларга турли бузғунчи оқимларга тушиб қолмаслик учун қуйидагиларга эътибор қаратишларини тавсия қилди:

  • экстремистик руҳдаги Telegram, Instagram, TikTok, YouTube ҳамда WhatsApp каналлари ва сайтларига аъзо бўлмаслик;
  • мобил телефонларда билиб-билмай мутаассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратларни сақламаслик ва тарқатмасик;
  • электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Дин ишлари бўйича қўмита экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, TikTok саҳифалар ва сайтлар рўйхатини янгилаганди.