3 апрель куни Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани Гулбозор маҳалласида очилган янги туристик кўчада бўлди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Гулбозор Тошкентнинг тарихий қисмида, Чорсу бозори ёнида жойлашган. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий сайёҳлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилди. Кўча ва уйларда пойтахтнинг қадимги кўринишини сақлаб қолган ҳолда қўшимча шароитлар яратилди.

маҳалла, президент, шайхонтоҳур тумани, гулбозор маҳалласи, туризм, туризм ҳалқаси

маҳалла, президент, шайхонтоҳур тумани, гулбозор маҳалласи, туризм, туризм ҳалқаси

Ҳудудда барча коммуникация тармоқлари ер остидан ўтказилди. Кўча бошида тарихий дарвоза қайта тикланди. Ўймакор устунли катта айвон, унга яқин жойда ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари ташкил қилинди. «Нон тарихи» ва «Қадимги Тошкентга саёҳат» номли кўргазмалар очилди. Уч юлдузли меҳмонхона ҳам бунёд этилмоқда. У ерда 2670 нафар аҳоли яшайди. «Хавфсиз ҳудуд» тизими жорий этилган.

«Бу кўча Шайхонтоҳур туманида ташкил этилаётган «туризм ҳалқаси»нинг бир қисми бўлади. Бир сўз билан айтганда, бу ерда сайёҳлар қадимийлик ва миллийлик муҳитини ҳис этади», — дейилади хабарда.

Президент миллий кийимлар ва амалий санъат маҳсулотларини кўздан кечирди, уларни тайёрлаётган ҳунарманд хотин-қизлар билан суҳбатлашди, маҳалладаги сумалак сайлида иштирок этди. Уларни Рамазон кунлари билан табриклади.

маҳалла, президент, шайхонтоҳур тумани, гулбозор маҳалласи, туризм, туризм ҳалқаси

Давлат раҳбари мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»ни давом эттириб, соҳада бандликни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

«Замонавий мажмуалар ҳамма жойда бор. Биз хорижий сайёҳларни буюк тарихимиз билан кўпроқ жалб этишимиз мумкин. Шунинг учун бу ер кечаю кундуз фаолият юритадиган туристик марказга айланиши керак. Бундай этнографик масканларни кўпайтириш, миллий қадриятларимизни намойиш этиш, турли фестиваллар ўтказиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

20,7 км узунликдаги «сайёҳлик ҳалқаси»ни яратиш президентнинг ўтган йил июндаги қарори билан режалаштирилганди.