3 апрель куни эрталаб Тайванда сўнгги 25 йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди. Табиий офат камида тўққиз кишининг умрига зомин бўлди. 800 нафардан ортиқ киши жароҳат олди. Бу 23 млн аҳолиси бўлган мамлакат учун ўлим сони нисбатан паст бўлиб, бошқа мамлакатлардаги, жумладан, ривожланган мамлакатлардаги зилзила зараридан кескин фарқ қилади. Жумладан, 2011 йилда Крайстчерчдаги (Янги Зеландия) зилзила 165 кишини, 2015 йилда Непалда содир бўлган зилзила деярли 10 минг кишини ҳаётдан олиб кетганди.

«Газета.uz» Reuters, AP ва National Post агентликлари зилзилаларга мойил бўлган Тайваннинг табиий офатга қандай дош бера олгани ҳақида ҳикоя қилади.

Нега Тайванда тез-тез зилзилалар содир бўлади?

Тайвань ороли Тинч океанининг «олов ҳалқаси» деб аталадиган сейсмик фаол зонада жойлашган. Бу Тинч океанини ўраб турган сейсмик ёриқлар чизиғида дунёдаги энг кўп зилзилалар содир бўлади.

Филиппин ва Евросиё тектоник плиталарининг ўзаро таъсири натижасида юзага келган стресс туфайли ҳудудда зилзилаларга нисбатан заифлик сезилади.

Тайвань зилзилаларга қандай тайёрланмоқда

Тайвань расмийлари чоршанба кунги 7,2 магнитудали зилзила бўлганини маълум қилган бўлса, АҚШ геологик хизмати унинг кучини 7,4 га баҳолаган. Ер силкинишлари орол бўйлаб 125 тага яқин бинони вайрон қилди, уларнинг ярми аҳоли сийрак тоғли ҳудуд — Ҳуалиен шаҳридадир. Шу билан бирга, пойтахт Тайпей кучли силкинишлар бўлганига қарамай, кўп зарар кўрмади.

Зилзила эрталабки тиғиз вақтда содир бўлган, бироқ бу транспорт қатнови тўхтаб қолишига сезиларли даражада таъсир қилмаган — бир неча дақиқа ўтиб, ота-оналар фарзандларини мактабга, ишчилар эса ўз офисларига кетаётганди, дея қайд этади AP.

«Тайваннинг зилзилаларга кўрган тайёргарлиги дунёдаги энг илғор кўрсаткичлардан биридир. Оролда қатъий қурилиш қоидалари, жаҳон даражасидаги сейсмологик тармоқ ва сейсмик хавфсизлик бўйича кенг қамровли таълим кампаниялари мавжуд», — дея таъкидлади Миссури Фан ва Технология Университети (АҚШ) профессори, сейсмолог ва профессор Стивен Гао.

Ҳукумат 1970 йиллардан бери янги ва мавжуд биноларнинг зилзилага чидамлилиги даражасини кўриб чиқмоқда ва қурилиш меъёрларини кучайтирмоқда. Шунингдек, биноларнинг зилзилага чидамлилигини текширишни истаган аҳолига субсидиялар таклиф қилмоқда.

3 апрелдаги фотосуратлар ва видеоларда Ҳуалиендаги бинолар ақлбовар қилмайдиган даражада қийшайиб қолганини кўриш мумкин, деб ёзади National Post. «Бинолар кўчаларга эгилиб қолган, унинг атрофида кичик вайроналар бор, аммо иншоотнинг асоси бузилмаган, уларнинг атрофида кранлар ва қутқарувчилар турибди. Деразаларга бириктирилган кондиционерларнинг аксарияти ҳатто бузилмаган», — деб ёзади нашр.

1999 йилги зилзила 4500 тадан ортиқ биноларни вайрон қилгандан сўнг, Тайвань ҳукумати 1997 йилгача қурилган минглаб жамоат биноларини текшириб чиқди ва мустаҳкамлади. Ўшандан бери ҳукумат биноларни, жумладан, мактаблар ва хусусий уйларни мустаҳкамлаш бўйича бир қанча бошқа дастурларни ҳам амалга оширди.

«Тайвань анчадан бери жуда юқори стандартлардаги қурилишлар қилади», деди (Канада) Монреалдаги МакГилл университети зилзила геологияси кафедраси мудири Кристи Роу. Унинг сўзларига кўра, бу зилзилалар Тайванда вайронагарчиликка сабаб бўлган бўлса ҳам, буни бошқа бир мамлакатнинг худди шу кучдаги зилзиладан қандай азоб чекиши билан солиштириб бўлмайди.

1999 йил 21 сентабрда юз берган зилзила Тайвань ҳукумати учун фавқулодда вазиятларни бошқариш қонунларини кучайтиришга туртки бўлди, деб ёзади Reuters. Мамлакатда зилзилаларни мувофиқлаштириш ва унга тайёрланиш бўйича иккита марказ ташкил этилди. 21 сентябрда бутун мамлакат бўйлаб табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ўқув машғулотлари куни ўтказилди. Одамлар мобил телефонларига зилзила ва цунами ҳақида ёлғон сигналлар олган, орол бўйлаб мактабларда эвакуация машғулотлари ўтказилган.

Бундан ташқари, зилзила пайтида ишлатиладиган огоҳлантириш тизими ҳукумат Хитойнинг яқинлашиб келаётган ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш учун фаоллаштирадиган тизим бўлган.

Мутахассисларнинг фикрича, Тайванга зилзилалар билан курашишда ёрдам берадиган яна бир омил — бундай вазиятларда ўзаро ёрдам маданияти. «Улар нима қилишни, бир-бирига қандай ёрдам беришни билишади. Ҳамманинг тайёргарлиги бор: уйда нима қилаётганингиздан тортиб, мактаблар, муниципалитетларгача», — дея таъкидлайди Роу.

Ҳуалиен округи раҳбари Чанг Донг-яо Reuters агентлигига берган изоҳида фавқулодда вазият юзага келганда маҳаллий ҳокимият органларининг ҳукумат идоралари билан асосий мувофиқлашувини таъкидлаб ўтди. 2018 йилда 7 кишининг ҳаётига зомин бўлган 6,4 магнитудали зилзиладан сўнг маҳаллий ҳокимият идоралари табиий офатларга жавоб чораларини яхшилаш учун давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар билан мувофиқлаштиришни кучайтирди, деди у.

Бу сафар округ расмийлари ва полиция бошқа бўлинмалар билан биргаликда Ҳуалиен шаҳридаги зарар кўрган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилишга ёрдам берди, шунингдек, шикастланган биноларни тозалади. «Ҳар ким ўз ишини қилади. Вилоят ҳукумати ва маҳаллий маъмурият зарарни имкон қадар камайтириш учун биргаликда ҳаракат қилди», — деди Чанг.