Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов мамлакатдаги мавжуд фискал қоидаларни, давлат ташқи қарзи бўйича қоидаларни кенгайтириш ва такомиллаштириш, керак бўлса, бюджет тақчиллигига нисбатан ҳам фискал қоидаларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

У бу ҳақда 2 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида президентнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда гапириб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Қарордаги барча устувор йўналишлардан энг асосийси этиб макроиқтисодий барқарорлик белгиланган. Бунгача бўлган ва келажакда бўладиган барча ислоҳотларнинг пировард мақсади аҳолининг фаровонлигини яхшилаш ҳисобланади. Бунинг икки асосий пойдевори эса макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва ҳуқуқий давлатни қуриш ҳисобланади. Бу икки масала доим долзарб бўлиб келади. Биз бу йўналишда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар билан ишлаб келамиз», — деди Тимур Ишметов.

Унинг таъкидалашича, бу йил учун энг асосий масала макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унга нисбатан ишончни мустаҳкамлашда давом этиш бўлади.

«Бу йил бюджетимиз тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз чегарасида тасдиқланган бўлиб, албатта, буни таъминлашимиз керак. Шу билан бирга, кейинги йиллардан бошлаб тақчилликни камайтириб бориш ва мўътадил даражада сақлаб қолиш учун бу йил ҳам бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз», — деди президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари.

Тимур Ишметовнинг айтишича, бу ишларнинг биринчиси макро фискал рискларни баҳолаш ҳисобланади. Бу бўйича Халқаро молия жамғармаси билан бир қанча ишларни амалга оширилган.

«Уларни якунлаб, нафақат рискларни баҳолаш, балки уларнинг таъсирини юмшатиш юзасидан ҳам тегишли макроманёврларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлашимиз керак бўлади. 2025−2027 йилларга мўлжалланган фискал стратегияни ишлаб чиқишда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш шартларини кўрсатиш ҳам режамизда бор. Бу йил 2025−2030 йилларга мўлжалланган Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини ишлаб чиқишни ҳам режалаштирганмиз», — деди у.

Тимур Ишметов кутилаётган натижаларга тўхталиб, стратегиялар қоғозда қолиб кетмаслиги лозимлигини, бу орқали бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш ҳамда 2025 йилга келиб бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3 фоизга тушириш, келгуси йилларда эса шу кўрсаткичдан оширмаслик мақсад қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Мавжуд фискал қоидалар — давлат ташқи қарзи бўйича қоидаларни кенгайтириш ва такомиллаштириш, керак бўлса, бюджет тақчиллигига нисбатан ҳам фискал қоидаларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди», — деди у.

Президент маслаҳатчиси ўринбосари, шунингдек, бюджет даромадлари масаласига ҳам тўхталди.

«Даромадга келадиган бўлсак, Халқаро молия жамғармаси билан амалга оширган ишларимиз якуни бўйича Ўзбекистонда солиқлар тушумларини ошириш имконияти борлиги, солиқ базасини кенгайтириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш ҳисобига ўрта муддатда йилига ЯИМнинг бир фоизи миқдорида қўшимча тушумларни таъминлаш мумкинлиги маълум бўлди», — деди Ишметов.

Унинг айтишича, 2025−2030 йилларга мўлжалланган Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясида бунга эришиш учун ҳар йили қандай воситалар қўлланилиши қайд этиб ўтилиши керак бўлади.

Натижага йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича айрим йўналишларда пилот лойиҳалар бошланган. Мазкур стратегия орқали 2026, узоғи билан 2027 йилга келиб давлат бюджетини тўлиқлигича натижага йўналтирилган бюджетлаштиришга ўтказиш мақсад қилинган. Давлат молия статистикаси ҳам 2026−2027 йилларга келиб тўлиқ халқаро стандартларга ўтказиш керак бўлади.

Бундан ташқари, Тимур Ишметов давлат харидлари масаласига ҳам тўхталиб, кейинчалик барча давлат харидлари тендер кўринишида ўтказилишига эришиш кераклигини қайд этди.

«Сўнгги масала — давлат харидлари. Бу йўналишда, бир томондан, бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш мумкин. Иккинчидан, катта бозор бўлгани ва катта маблағ ишлатилгани туфайли хусусий тадбиркорларнинг давлат харидларида қатнашиш имкониятини ошириш орқали уларга ҳам кенг имкониятлар яратса бўлади. Қатнашиш имкониятини ошириш деганда тўғридан-тўғри амалга оширилаётган харидлар улушини доимий камайтириб, кейинчалик барча давлат харидларини тендер кўринишида ўтказишимиз керак бўлади», — деди президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари.

«Таъкидлаб ўтмоқчиманки, бу биргина йўналиш бўлгани билан, қолган барча 9 та йўналиш ҳам пировард мақсадида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга олиб келади. Бир томондан, бу ислоҳотларни амалга ошириш учун бизга макроиқтисодий барқарорлик, молиявий интизом керак бўлса, иккинчи томондан, бу ислоҳотларнинг ижобий амалга оширилиши ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади», — дея сўзини якунлади Тимур Ишметов.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўмни ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.