Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган ЙТҲ оқибатида вафот этган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади мамлакатга олиб келинади, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, бахтсиз ҳодисада вафот этганларни Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали ватанга олиб келиш ва дафн этиш маросимларини ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, керакли барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Фавқудодда вазиятлар вазирлиги масъуллари қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни Самара-Шимкент йўлида Toyota-Alhpard ҳамда Volvo русумли юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида Toyota-Alhpard автомобилида бўлган жами 8 нафар Ўзбекистон фуқароси олган тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.