27 март куни Тошкент вилояти Бекобод туманида ўзини 5-қаватдан ташлаган аёл вафот этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Қайд этилишича, туманнинг «Далварзин» маҳалласидаги 1-уйда яшовчи 28 ёшли Н.Х. ўзини 5-қаватдан ташлаб, жонига қасд қилган. Воқеа жойига тумани прокурори, туман прокуратураси терговчиси, туман ИИБ бошлиғи ва бошқа тергов-тезкор гуруҳи аъзолари чиқишган.

30 март куни марҳума яқинларининг Kun.uz нашрига айтишича, аёлнинг турмуши нотинч бўлган, у эри томонидан мунтазам руҳий ва жисмоний зўравонликка учраб келган. Ҳодиса гувоҳи бўлган қўшниларга кўра, аёл пастга тушиб кетиши олдидан «яшашни истамайман, калтакларингдан тўйиб кетдим», дея бақирган.

Аёлга уч марта, сўнгги бор 6 март куни ҳимоя ордери берилган. Унда келтирилишича, тазйиқ ўтказилган ёки зўравонлик содир этилган тақдирда эр ва аёлнинг бир хонадонда бўлиши тақиқланган.

Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳасининг 1 апрель куни хабар беришича, у эри билан 9 йиллик турмуш давомида атиги 3 йил бирга яшаган. Аёлнинг 2 нафар фарзанди — 6 ва 2 ёшли қизлари ҳодиса содир бўлган вақтда бобосининг уйида бўлишган. Марҳум ҳам ўша ерда яшаган, бироқ ўлимидан бир неча кун олдин уни эри олиб кетган.

Nemolchi.uz ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди: «Аёлга уч марта ҳимоя ордери берилган, зўравонликнинг олдини олиш учун нима қилдингиз? Суҳбатлашиш билан кифояланиб, яраштираверганмисиз? Нега зўравон эркак жазоланмади?!»

Ҳозирда ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган, Бекобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.